Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридан нари борса 2-3 километр узоқликда жойлашган «Узуннаво» қишлоғи аҳолиси газ ва сув йўқлигидан, электр токи кучланиши пастлигидан нолимоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбирига шикоят қилган узуннаволиклар электр токи кучланиши пастлиги боис электр чойнакдаги чой 45 дақиқада қайнашини айтишмоқда.

Фото: «Дарё»

— Электр токи кучланиши шу даражада пастки, электр чойнак 45 дақиқада зўрға чой қайнатади, — дейди Илҳом Жўраев. – Овқат электр печда қанча вақтда пишишини ҳисоблаб олаверинг. Болаларимиз кечки пайт дарс қилолмайди. Лампа ёруғлиги пастлигидан кўз толади.

Илҳом Жўраев

Илҳом Жўраев
Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, Қарши туманининг мазкур қишлоғида яшовчи аҳоли 2012—2013 йиллардан ушбу ҳудудга келиб жойлашган ва уй-жой қура бошлаган. Айни пайтда қишлоқда 298 та хонадон борлиги айтилмоқда. Аҳоли сони эса 3 минг нафар кишидан ошган. Энг ёмони қишлоқда электрлаштириш ишлари олиб борилмаган. Аҳоли ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда уйидан чиққан ёғочлардан симёғоч сифатида фойдаланган. Симёғоч йўқ жойларда эса электр сим томма-том оша ўтказиб борилган.

Аҳоли хонадонларига тортиб келинган электр токи симлари

Аҳоли хонадонларига тортиб келинган электр токи симлари
Фото: «Дарё»

Аҳоли «Дарё» мухбирининг «уй-жойларни қуришдан аввал ерга эгалик ҳақида мутасаддилар қарори бўлганми?», деган саволига жавобан қарор бўлганини, аммо кейинчалик мазкур қарорлар сохта бўлиб чиққанини таъкидлашмоқда.

Қишлоқдаги симёғоч

Қишлоқдаги симёғоч
Фото: «Дарё»

— Қарор беришганди, аммо 2019 йил май ойида бизга уй-жой қуриш учун берилган қарорлар ноқонуний эканлигини айтишди ва Президент фармонига мувофиқ ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар сифатида қайта ҳужжатлаштирилди, — дейди Абдурауф Ибрагимов. – Ҳозирда барча хонадонларнинг кадастр ҳужжатлари бор. Шундай бўлса-да, электр токи учун симёғоч ўрнатишмаяпти.

Фото: «Дарё»

Аҳолининг маълумот беришича, бутун бошли қишлоқда симёғочлар деярли йўқ. Борлари ҳам аҳоли хонадонларидан чиққан талабга жавоб бермайдиган ёғочлар. Электр токи эса аҳоли хонадонлари устидан инсон ҳаёти учун хавфли ҳолатда тортиб келтирилган.

Фото: «Дарё»

— Бошқа иложимиз йўқ, яшашимиз керак. Яшаш учун эса электр токи зарур, — дейди узуннаволиклар. – Шу боисдан ҳам инсон ҳаёти учун хавфли бўлса-да, токни томма-том тортиб келишга мажбурмиз. Газ бўлмаса, уйни амаллаб иситишимиз керак-ку. 

Фото: «Дарё»

— Қишлоққа 2013 йил кўчиб келганмиз ва 2019 йил март ойига қадар 6 йил давомида электр токисиз яшадик, — дейди Назира Мажидова. – Масъуллар токни тортиб беришига ишончимиз қолмагач, «трансформаторни ўз пулимизга сотиб олдик», деган аҳоли вакилларига 250 минг сўм тўлаб ток тортдик. У ҳам бўлса томма-том тортиб келинган ток.

Абдурауф Ибрагимовнинг маълум қилишича, шу кеча-кундузда ҳудудда электр токи ўчиш ҳолати кўпайган.

— 4-5 ноябрь куни 36 соат «свет» бўлмади, — дейди Абдурауф Ибрагимов. – Қишда қор ёғган пайтда шундай бўлса нима қиламиз, билмадим.    

Қишлоқ аҳлининг айтишича, айни кунда 60 та хонадон учун мўлжалланган трансформаторга 120 та хонадон уланган. Қишлоқ аҳли суюлтирилган газ баллони нималигини ҳам билишмас экан.

Фото: «Дарё»

— Электр токи масаласида, суюлтирилган газ баллони берилмаслиги ҳақида мурожаат қилмаган жойимиз қолмади, — дейди Абдурауф Ибрагимов. – Газ бўлади деб «труба» тортганмиз. Аммо газдан дарак йўқ. Ҳеч ким эътибор бермайди. Ҳатто жавоб ҳам бермайди. Шу пайтга қадар бирор марта бизга суюлтирилган газ баллони беришмаган. Газни кўчадаги «заправка»лардан сотиб оламиз.

Гулчеҳра Раҳимова

Гулчеҳра Раҳимова
Фото: «Дарё»

— Қиш келди, уйни иситишда қийналяпмиз, — дейди Гулчеҳра Раҳимова. – Ток печка қўшсак, ток камлиги сабаб яхши ишламайди. Ёш боламиз билан жуда қийналяпмиз.  

Узуннаволикларнинг маълумот беришича, электр токининг томма-том тортиб келиниши ва мавжуд трансформаторнинг 120 та хонадонни электр токи билан таъминлашга қурби етмаётгани ҳақида вилоятнинг собиқ раҳбари Зафар Рўзиев ҳамда айни кундаги ҳоким Зоир Мирзаевга ҳам мурожаат қилинган. Аммо ҳар иккала мурожаат ҳам жавобсиз қолган. 

Аҳолининг «Дарё» мухбирига қўшимча қилишича, ҳудудда йўл муаммоси ҳам бор. Шунингдек, аҳоли хонадонларидан чиқаётган маиший чиқиндиларни масъул ташкилотлар олиб кетмагани боис аҳоли яшовчи ҳудуд чиқиндихонага айлантириб юборилган.

Фото: Нигора Мажидова

— Уйимизни ёнига чиқинди тўкиб кетишади, — дейди Нигора Мажидова. – Қанча айтмайлик фойдаси йўқ. Боиси чиқиндиларни ташиб кетувчи ташкилотлар билан аҳоли ўртасида шартнома қилинмаган. Шунинг учун ҳам улар биздан умуман хабар олишмайди. Мутасадди ташкилотларга мурожаат қилсак-да, эътибор қаратишмаяпти.

Қишлоқ аҳлининг эътирозига кўра, қишлоқда ўзбошимчалик билан уй қуриб олиниши натижасида йўл ҳам ёпиб қўйилган. Оқибатда аҳолининг яқин йўли узоқлашган. Бу мактаб ўқувчилари учун ҳам қийинчилик туғдирмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар