Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси об-ҳаво кескин совиб кетгани муносабати билан йўл ҳаракати қатнашчиларини йўлларда ҳаракатланишда эҳтиёткорроқ бўлишга чақирди.
Таъкидланишича, ҳафта давомида республика ҳудудида об-ҳавонинг кескин ўзгариши, қор ёғиши ва автомобиль йўлларида музламалар ҳосил бўлиши, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши кутилмоқда. Бу эса йўл ҳаракати қатнашчилари учун бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқариши, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишига сабаб бўлиши мумкин.
Мавзуга доир: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳайдовчиларни Қамчиқ довонидан ўтаётганда ҳушёр бўлишга чақирди
«Биз барча ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқариш пайтида мураккаб об-ҳаво шароитини ҳисобга олишларини, зарурат бўлмаганда тунгги вақтларда ҳаракатланмасликни, айниқса, тезлик талабларига қатъий амал қилишларини, пиёдалардан йўлни кесиб ўтишда ўта ҳушёр бўлишларини, катталардан йўлларда болаларнинг ҳаракатини назоратга олишларини сўраймиз», — дейилади ИИВ ЙҲХ бош бошқармаси хабарида.
Шунингдек, довон йўлларидан ҳаракатланаётган ҳайдовчилардан янада ҳушёрроқ бўлиш, довонга чиқишда етарлича миқдорда ёнилғи заҳирасига эга бўлиш, иситиш тизими, ойна тозалагичлари носоз бўлган, яроқсиз шиналар ўрнатилган транспорт воситаларидан фойдаланмаслик сўралган.
Изоҳ (0)