Facebook, Twitter, LinkedIn ижтимоий тармоқлари ҳамда Github сервисидан фойдаланувчи 1,2 миллиард одам ҳақидаги ахборотлар очиқ маълумотлар базасида пайдо бўлгани маълум қилинди, дейилади Wired хабарида.
Киберхавфсизлик бўйича эксперт Винни Тройянинг сўзларига кўра, базадан профиллардаги маълумотлар, жумладан, 50 миллион телефон рақами ва фойдаланувчиларнинг қаерда ишлагани ёки ишлаши ҳақидаги ахборотлар ўрин олган.
Тармоқда барча учун очиқ маълумотлар базасида аккаунтлар пароллари ва банк карталарининг рақамлари бўлмаган. Google Cloud сервисидаги маълумотлар базаси кимники экани номаълумлигича қолмоқда. Базанинг номидан унинг People Data Labs компаниясига алоқадорлигини тахмин қилиш мумкин. Аммо фирма асосчиси Шон Торн компаниянинг ушбу сервисдан фойдаланмаслигини маълум қилди.
Тройя бу борада Федерал қидирув бюроси (ФҚБ)га мурожаат қилиб, маълумотлар базаси ҳақида ҳисобот берган. База аниқланганидан бир неча соат ўтгач блоклаб қўйилган.
2018 йилнинг март ойида Facebook компанияси ҳам шунга ўхшаш вазиятга тушган, ижтимоий тармоқнинг 87 миллион фойдаланувчиси ҳақидаги ахборотларнинг ошкор қилингани Cambridge Analytica таҳлилчилари томонидан аниқланганди. Ўша йили 1 июлда АҚШ конгресси Facebook’нинг фойдаланувчилар ҳақидаги ушбу маълумотларни яна 52 та компанияга тақдим этгани маълум қилди.
Компания асосчиси Марк Цукерберг АҚШ конгресси ва Европарламентда маълумотларнинг ошкор этилгани учун расман кечирим сўраган.
Изоҳ (0)