ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан боғлиқ вазият ўз ечимини топганига АОКА раҳбари Комил Алламжонов муносабат билдирди.
«Мазкур низонинг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар томонидан фаол тарзда муҳокама қилиниши, бунга Бош прокуратура, Журналистлар ижодий уюшмаси, Адлия вазирлиги ва сиёсий партияларнинг тезкор муносабат билдириши мамлакатимизда жамоатчилик назоратининг кучи тобора ортаётгани, жамиятда демократик ўсишнинг шаклланаётгани, ОАВнинг босқичма-босқич «тўртинчи ҳокимият»га айланаётгани, республикамизнинг очиқлик сари дадил одимлаётганидан далолат беради.
Вазиятни янада чигаллаштиришга йўл қўймаслик учун, шунингдек, Kun.uz таҳририяти илтимосини инобатга олган ҳолда, агентлик блогерлар ва журналистларни шаҳар ҳокимининг ушбу нашр жамоаси билан учрашуви натижаларини ҳисобга олишга ва бундан кейин бу мавзуни бўрттирмасликка чақиради», — дейди Комил Алламжонов.
Шунингдек, тегишли давлат идоралари томонидан ушбу масалани ўрганиш ишлари охирига етказилиши ва унга тўлақонли ҳуқуқий баҳо берилишига ишонч билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни йўқ қилиш, гейга чиқариш билан таҳдид қилгани ҳақидаги аудио ёзув тарқалган эди.
Ҳокимнинг журналистларга таҳдидини «Адолат», ЎзХДП, ЎзЛиДеП партиялари, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қоралаб чиққан, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш олиб бораётганини маълум қилганди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзи ҳақорат ва таҳдид қилган журналистлар билан учрашгач, тушунмовчиликка барҳам берилган.
Изоҳ (0)