Ироқда қўлбола портлаш мосламасининг фаоллаштирилиши натижасида портлаш юз берди, оқибатда беш нафар Италия ҳарбийси турли даражадаги тан жароҳатлари олди, деб хабар берди «Regnum».
Хабарга кўра, талафот кўрганлар вертолётда Бағдоддаги ҳарбий шифохонага етказилган. Яраланганларнинг уч нафари оғир аҳволда.
Италиялик ҳарбийлар Ироқ аскарларини террорчиларга қарши курашишга ўргатиш мақсадида мамлакатга келгани хабар қилинмоқда.
Октябрь бошида Ироқда бошланган халқнинг норозилик намойишлари вақтида пойтахт Бағдодда ҳукумат, хориж элчихоналари жойлашган «яшил ҳудуд»да иккита портлаш юз берган. Ракеталардан бири Туркия элчихонаси ёнида, иккинчиси эса Ал-Харисия кўприги ёнида портлаган.
Ироқдаги ҳукуматга қарши намойишлар 1 октябрда бошланган. 2 октябрда Ироқ ҳудудининг 75 фоиз қисмида интернет ўчириб қўйилган ва 11 октябрда қайта ишга туширилганди. Ироқдаги намойишларнинг биринчи босқичида кучишлатар тизим ҳамда халқ ўртасидаги тўқнашувлар натижасида 157 нафар одам: 149 нафар фуқаро ва 8 нафар хавфсизлик хизмати ходимлари ҳалок бўлган, қарийб 3,5 минг одам турли даражадаги тан жароҳатлари олган.Мавзуга доир: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ироқ олий комиссияси Карбалодаги намойишларда ҳалок бўлганлар сонини эълон қилди