Ўзбекистонда бозорлар атрофида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарлигини автоматик равишда аниқлаш тизими ўрнатилади. Бу ҳақда муҳокамага қўйилган «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарорининг «Йўл харитаси»да сўз боради.
Ҳужжатга кўра, йўл ва кўчаларда тирбандликларни олдини олиш, транспорт воситаларининг тўхтовсиз ҳаракатланишини таъминлаш мўлжалланмоқда.
Бунда Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида транспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадаллиги юқори бўлган йўл ва кўчаларда, шунингдек, бозорлар атрофида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарлигини автоматик равишда аниқлаш тизимини ўрнатиш режалаштирилган.
Шунингдек, ушбу тизимни ИИВ ДЙҲХХнинг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиш ҳам назарда тутилган бўлиб, йўл ва кўчаларда тирбандликларни ҳосил бўлишини олдини олиш, транспорт воситаларини ҳаракатланишини назорат қилиш мақсадида кўп қаватли жойлашган уйларнинг тепа қисмига юқори пикселли видеокузатув мосламаларини ўрнатиш белгиланган.
Бундан ташқари «Йўл харитаси»да Зангиота, Янгийўл ва Чиноз туманларида йўл ўтказгичлар қуриш, яроқсиз ҳолга келиб қолган автомобиль йўлларини таъмирлаш, эски светофорларни янги турдаги ёруғдиодли светофорларга алмаштириш каби вазифалар белгиланган.
Ижро муддати — 2020—2022 йиллар, масъул ижрочилар — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги.
Мавзуга доир: «Ипподром» ва «Абу сахий» атрофидаги йўлларга нотўғри қўйилган автомобилларни эвакуатор олиб кетишни бошлади
Изоҳ (0)