Ғузор тумани ҳокими фаолиятидаги айрим камчиликлар боис, ҳайфсан олди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи ишдан олинди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг айтишича, бу ҳақда 11 ноябрь, душанба кунги аппарат йиғилишида маълум қилинган.
«Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев ҳокимга ҳайфсан берилишига сабаб бўлган айрим камчиликлар нимадан иборатлиги билан қизиқди.
— Кеча вилоят ҳокими туман марказидаги коллежларнинг бирида жойлашган сайлов округида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, кўнгли тўлмади ва эътироз билдирди, — дейди Ғузор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Худойберди Йўлдошев. – Билишимизча, сабаб шу.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов ҳам туман ҳокимлиги ахборот хизмати тахминини тасдиқлаб, Саъдулла Бобоқулов сайловга тайёргарлик кўришда кўзбўямачиликка йўл қўйганини қўшимча қилди.
— Вилоят ҳокими бир ҳафта илгари Ғузор туманида бўлганда сайловга тайёргарлик ишлари қониқарсиз даражада эканлигини айтганди, — дейди Аҳрор Содиқов. – Ва туман ҳокимига камчиликларни бартараф этиш топшириғини берди. Кеча яна ҳудудга борганда, камчиликлар бартараф этилмагани, ҳоким бир ҳафта илгари берган топшириқ ҳоким ташрифи олди бажаришга киришилгани — Зоир Мирзаевнинг шундай қарор беришига сабаб бўлди.
Саъдулла Бобоқулов Зоир Мирзаев вилоятда фаолият бошлаганидан буён ҳайфсан олган биринчи ҳоким бўлди.
Изоҳ (0)