Халқ орасида «Нархоз» номи билан танилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ)нинг кўп йиллик ректори Баҳодир Ходиев ишдан олинди. Айтишларича, Ходиевнинг ишдан олиниши ортидан «Нархоз»да катта тозалаш бошланади (қанақа тозалаш? Нега бирдан?). Шу вақтгача олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари бўлган Қўнғиротбой Шарипов — ТДИУнинг янги ректори.

Баҳодир Ходиев.
Фото: «Gazeta.uz»

Куннинг энг даҳшатли репортажи: Косонда ўқувчи қиз 15 ёшида она бўлди — мактаб раҳбарияти, туман ХТБ ва туғуруқхона масъуллари ҳодисани бир йилдан ортиқ яширган. Чақалоқ туғилганидан сўнг уни, туғуруқхона ходими билан келишиб, туғуруқхонада қолдириб кетишган — сўнгра уни кўчадан топилди қилиб, бошқа оилага фарзандликка беришган.

Нарх-наво ҳақида. Ўзбекистонда буханка нон нархи сўнгги 20 кун ичида иккинчи марта қимматлашди — аввалига 1350—1500 сўмгача, кейин 1600—1900 сўмгача. Начора, буёғига шунақа бўлаверади — эркин нархлар дегани шу. Чораси — инфляцияга қарши кураш. Молия вазири биринчи ўринбосари Тимур Ишметовнинг айтишича, агар Ўзбекистонда инфляция даражаси пасаймаса, ислоҳотлардан маъно қолмайди.

Ғалати қарорлар. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов бир кун аввал ҳам жамоанинг Қирғизистонга қарши ўйини телевидение орқали кўрсатишига қарши эди, бугун эса фикри ўзгариб қолди. Ундан ҳам ғалатироқ қарор Uzbekistan Airways томонидан Самарада қолдирилган хаста ватандошимиз томонидан қабул қилинган — у Ўзбекистонга таксида йўлга чиқибди.

Мантиқли ва мантиқсиз чекловлар. Режиссёр Зулфиқор Мусоқов асабий — «Берлин-Оққўрғон» фильмидаги Германия байроғи акс этган лавҳани у байроқ Тошкентнинг Халқлар дўстлиги майдонидаги Ўзбекистон байроғидан катта бўлгани учун кесиб ташлашибди (ЎзМТРКдан мантиқ кутманг). Қозоғистон расмийлари эса қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватламаслик учун мантиқан тўғри қарор қабул қилди — мамлакатдан бензин олиб чиқишни тақиқлади.

Жаҳонда яна нима гап? Ҳиндистонлик эркак бир ўтиришда 50 та тухум ейишдан баҳс бойлаб ҳалок бўлди. Туркия Ал-Бағдодийнинг опаси ва унинг оила аъзоларини ҳибсга олди. Путин 11 нафар генерални ишдан бўшатди. Швейцарияда Криштиану Роналдунинг сартароши ўлдириб кетилди. Истанбулда яна бир ўзбекистонлик вафот этди.

Агар юқоридаги хабарлар шодасига «тўймасангиз», у ҳолда Ўзбекистонда 2000 долларга қандай қилиб тўй қилиш мумкинлиги ҳақидаги видеолавҳани томоша қилинг ёки ИИВ қайси ҳарф иштирокида авторақам чиқармаслигини билиб олинг.