Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонун бузилиши ҳолатларига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан декларацияда кўрсатилмаган жойда сақланаётган матолар аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Аниқланишича, Тошкентда фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига хориждан келтирилган, бўялган матолар товари декларацияда кўрсатилган омборга эмас, бошқа омборда сақланган. Шу сабабли божхоначилар белгиланган тартибда божхона назоратини ўтказган.
Текширув давомида контейнерлардаги товарлардан намуналар олиниб, Божхона экспертизаси ва ТИФ ТНни юритиш бошқармасига ҳолатга ойдинлик киритиш учун жўнатилган.
Экспертиза хулосаларига биноан, контейнерларда ҳужжатларда кўрсатилганидек бўялган матолар товари эмас, балки синел матолар сақланаётгани маълум бўлган.
Ҳозирда умумий қиймати 6,1 миллиард сўмлик товарлар вақтинча сақловга олиниб, ҳолат юзасидан божхоначилар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)