Наманган шаҳри «Зарбдор» МФЙ Бешкапа 3-берк кўчасида жойлашган учта қўшни уйларда ёнғин содир бўлди. Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг маълум қилишича, ҳодиса ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига 30 октябрь, чоршанба куни соат 19:54 да хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 5 та ёнғин ўчириш техникаси жалб этилган. Биринчи бўлинмалар кўрсатилган манзилга 8 дақиқада етиб борган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 20:06 да қуршаб олинган ва 21:02 да тўлиқ бартараф этилган.
Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида 9-уйнинг 12 квадрат метр майдонда, 10-уйнинг 70 квадрат метр майдонда ва 3-уйнинг 10 квадрат метр майдонда том қисмлари ёниб зарарланган. Ёнғиндан уйларнинг жами 500 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.
Ёнғиннинг қўшни биноларга тарқалишига уйларни қуришда ёнғинга қарши оралиқ масофалар инобатга олинмаганлиги ва ёнғинга қарши деворлар қурилмаганлиги сабаб бўлган. Ҳодисанинг сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Бундан аввал Тошкентда тўрт қаватли уйнинг том қисмининг 70 квадрат метр майдони ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)