Фарғона вилояти Бешариқ туманида фаолият кўрсатаётган фермер хўжалик раҳбари Н.Парпиев «СЕ-303» русумли электр ҳисоблагични «Электр-ҳисоб» базасига кирим қилмасдан, техник шарт ва ҳеч қандай рухсат олмагани ҳолда фермер хўжалигининг дала майдонидаги юқори қувватли сув насосига ўрнатиб олгани маълум бўлди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси «Дарё»га маълум қилди.
Фермер Н.Парпиев электр энергиясидан гўёки қонуний фойдаланаётган қилиб кўрсатиш учун сув насосини электр ҳисоблагич билан жиҳозлаб ҳам қўйган.
Бироқ Мажбурий ижро бюросининг Бешариқ туман бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда фермернинг қинғир иши фош этилиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги оқибатида давлат манфаатларига 151 миллион 820 минг сўм моддий зарар етказганлиги аниқланган.
Терговга қадар текширувда ҳуқуқбузар фермер Н.Парпиевга Жиноят кодексининг 185-2-моддаси («Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш») 6-қисмида назарда тутилган ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги ҳақидаги талаб тушунтирилган.
Фермер жаримани тўлашга рози бўлган ва белгиланган муддат давомида етказилган зарарни қоплаган.
Изоҳ (0)