Интернет мислсиз тараққий этган давримизда веб-ресурсларнинг сон-саноғи йўқ. Исталган мавзу ва соҳага оид сайт тармоқда, албатта, бор. Бироқ уларнинг аксарияти 2010-йиллардан кейин очилган. 90 ва айниқса 80-йилларда эса жаҳон бўйлаб саноқли сайтлар бор эди холос. Албатта, ўтган 20–30 йил муддат ичида ўша илк «қадимги» сайтларнинг аксарияти фаолиятини тўхтатган. Бироқ ҳозирда «бобой» бўлиб қолган, яъни 80 ва 90-йиллардан буён тўхтамай ишлаб келаётган сайтлар ҳали ҳам мавжуд. Қуйида улар ҳақида қисқача ҳикоя қиламиз.

1. «Symbolics.com» – 1985 йилнинг 15 мартида рўйхатдан ўтган. Яъни у анча-мунчамиздан ҳам катта. Бу сайт АҚШнинг Техас штати, Даллас шаҳрида жойлашган компьютер ишлаб чиқарувчи фирмага тегишли бўлиб, ҳануз онлайн бўлишига қарамай, унда охирги марта 2010 йилда маълумот янгиланган экан.

Скрин: «Дарё»

2. «Itcorp.com» – 1986 йилнинг 18 сентябрида рўйхатдан ўтган. Жуда жўн дизайн ва ғарибгина контент билан бўлса-да, мазкур сайт мана 33 йилдирки барқарор ишлаб турибди. Ҳозирги энг танбал-дангаса веб-дизайнер ҳам бунақа зерикарли интерфейс қилмаган бўларди. Бироқ иш 1986 йилда бажарилганини эътиборга олинг ва ҳаммаси жойига тушади. У пайтлар веб-дастурчи касбининг ўзи бўлмаган ва сайт яратувчиларининг қўлида бугунгидек махсус платформа дастурлар бўлмаган.

3. «Vortex.com» – 1986 йилнинг 27 октябрида рўйхатдан ўтган. Бу сайт дизайни ҳам анча архаик, яъни «қадимий». Уни Лорен Вайнштейн исмли одам яратган ва портал интернетда ишлаш қоидаларини тарғиб қилишга мўлжалланган. Унда охирги маротаба 2017 йилда маълумот янгиланган экан.

4. «Tic.com» – 1987 йил, апрель. Бу Техас интернет консалтинг жамоасига қарашли бўлиб, сўнгги бор 2004 йилда фирма эгаларининг биографияси ҳақидаги маълумот жойланишидан кейин янгиланмай қўйган. Шунга қарамай, у ҳамон онлайн!

5. «Toad.com» – 1987 йилда рўйхатдан ўтган яна бир «эрамиздан аввалги» сайт. У Electronic Frontier Foundation ташкилотининг таъсисчиларидан бўлмиш Жон Гилморнинг ўзига маъқул келган интернет саҳифаларини жойлаб борган онлайн коллекцияси бўлган шекилли. Унда амалдорлар қонунни суиистеъмол қилиши, қоидалардан ўз манфаати йўлида фойдаланишига қарши курашга оид бир неча мақолаларга ҳаволалар берилган.

6. «Cfg.com» – 1987 йилга оид яна бир сайт. 2000 йил бошида сўнгги марта маълумот янгилангач, бу «бултурги» сайт ҳам фаолликни тўхтатган. Бироқ у ҳам ҳозиргача онлайн. Сайт Caine, Farber & Gordon фирмасига тегишли бўлиб, фирманинг ўзи 1970 йилда ташкил қилинган ва операцион тизимлар ва компьютер дастурлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу сайт ўчмай ишлаб туриши учун, 2000 йилдаги Миллениум операцион тизими ўрнатилган компьютер кифоя.

7. «Purple.com» – ҳозирда ётоқхона юмшоқ тўшамалари ва жиҳозлари ишлаб чиқарадиган корхонага тегишли. Бироқ ўтган йили ҳам бу домен эгаси номаълум эди ва у 1994 йилдан буён шунчаки пушти рангли фон билан ишлаб турганди. Шунингдек, сайтни 1,5 миллион долларга сотиб олиш мумкинлиги ҳақидаги эълон мавжуд бўлган. Ким билсин, унинг ҳозирги эгаси Purple Innovations уни ҳақиқатан ҳам шунча пулга сотиб олгандир?

Скрин: «Дарё»

8. «Milk.com» – бу доменни 1994 йилда рўйхатдан ўтказиб қўйган одам ҳам анойи бўлмаган шекилли. У қисқа, лўнда ва жуда осон ушбу домени ўшанда арзимаган пулга рўйхатдан ўтказиб олган бўлса ажаб эмас. Тушунарлики, уни қандайдир сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхона ҳам сотиб олиши мумкин эди. Бироқ 1994 йилда ҳар бир корхона ўз сайтига эга бўлиши кераклиги ҳақида унча-мунча раҳбарда тасаввур ҳам бўлмаган. Ҳозирда бу домени 10 миллион долларга сотишни режа қилган эгаси ҳамон ўз сайтини онлайн сақлаб турибди. Сайтда «кўп учрайдиган саволлар» ҳамда «ҳаволалар» бўлимлари бор холос. Қизиқсангиз, бир кириб кўринг!

9. «Acme.com» ҳам 1994 йилда очилган сайт. Унинг эгаси ҳам сайтнинг антик интерфейсини ўз ҳолида сақлаб келмоқда. Сайтнинг ўзида ёзилишича, бу 1972 йилдан буён бепул дастурий таъминот етказиб берадиган ва 1991 йилдан бери интернетда ишлаётган ACME Laboratories номли ташкилотнинг сайти экан.

10. «Spacejam.com» – Warner Bros савдо белгисига қарашли сайт. Унда, студиянинг мултфильм қаҳрамонлари ҳақида интерактив маълумот олиш мумкин. Warner Bros 1996 йилда ишга туширган бу сайтни атайлаб ўчирмай келяпти, шекилли. У ҳам бир кун келиб компаниянинг «тарихий мулки»га айланса ажабмас.

Скрин: «Дарё»

11. «Toastytech.com» – қайсидир бир эринмаган зот 1998 йилда яратган сайт. У Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва, хусусан, унинг Internet Explorer браузерини «фош қилишга» мўлжалланган сайт бўлган. Қизиғи шундаки, у ҳам ҳамон онлайн ва Билл Гейтс «ўзиникилар» орқали уни ўчиртириб юбормаган! Сайтда «Internet Explorer – шайтон!» деган хитоб марказий ўрин тутади ва у Билл Гейтснинг компьютер дастурлари бозорида ноҳалол ўйин қилиб, ҳаммага ўз маҳсулотини хира реклама орқали «тиқиштираётгани» ҳақида тролл усулида, уни кулгига олган тарзда фош қилади. Ким бўлса ҳам муаллиф, ҳақиқатан ҳам, эринмаган зот экан...

Скрин: «Дарё»

Музаффар Қосимов тайёрлади.