Чет эл ОАВларида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги «Нефтчи» спорт мажмуасининг 79 нафар мураббийи ва техник ходимлар, шунингдек, спорт тўгаракларида шуғулланаётган 2000 нафар бола кўчада қолгани ҳақида эълон қилинган хабарларга вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қувватларига тегишли улуши индонезиялик тадбиркорлар томонидан сотиб олинган ва корхонани модернизация қилиш учун 1 миллиард долларга яқин инвестиция киритишни режалаштирилган.
Заводнинг ёрдамчи хўжаликлари, хизмат кўрсатиш тармоқлари ва ижтимоий мажмуалари бир қисми сотувга қўйилган. «Нефтчи» спорт мажмуаси эса ҳокимлик балансига ўтказиб берилган.
«Ҳозирда, мазкур мажмуанинг фаолият йўналишлари сақланган ҳолда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, футбол академияси ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда. «Нефтчи» спорт мажмуасида ишлаган барча мураббийлар, ўзлари истасалар, шу ерда фаолиятларини давом эттиришади», — дейилади хабарда.
Қайд қилинишича, келгусида спорт мактабига жалб этиладиган шуғулланувчилар сонини 2500 нафарга етказиш кутилмоқда.
Изоҳ (0)