Коинотнинг нақадар катта ва улкан эканлигини кўпчилик тасаввур қила олмайди. У шу қадар кенг ва фавқулодда каттаки, унинг ҳозирда бизга маълум бир четидан бошқа бир четига етиб бориш учун ёруғлик тезлигида учган тақдирда ҳам миллиардлаб йил керак бўлади. Шунингдек, шундай фавқулодда улкан коинотда ўлчамларига кўра киши ақлини шошириб қўядиган яна шундай объектлар борки, қуйида улардан бир нечтаси ҳақида ҳикоя қиламиз.

Ҳозирда фанга маълум энг йирик экзосайёра – GQ Lupi b номли галактика. Уни олимлар илк бор 2005 йилда аниқлашган эди ва ўшанда астрономлар бу объект аслида нима эканлигини била олишмаган. Бу жисм аниқланган пайтда ўз юлдузидан Плутон билан Қуёш орасидаги масофадан ҳам 2,5 баробар олисда жойлашганлиги маълум бўлган. Ўлчамларига кўра эса у ёки фавқулодда йирик, улкан сайёра бўлиши ёки митти жигарранг юлдуз бўлиши эҳтимоли бор эди. Синчиклаб текширишлар шуни кўрсатдики, GQ Lupi b объекти бу аслида Юпитердан ҳам 3,5 баробар катта радиусга эга жуда йирик сайёра экан. У ҳозирча аниқланган сайёралар ичида энг каттасидир.

Энг катта юлдуз эса Қуёшдан 1 700 марта катта бўлган радиусга эга UY Scuti юлдузи саналади. Таққослаш учун айтиш мумкинки, бу юлдузнинг ичига Қуёш тизимининг Юпитер орбитасигача бўлган қисми бемалол сиғади. Унинг газ ва чанглари эса Қуёш системасидан ҳам катта масофаларга – 400 астрономик бирликкача бўлган фазога сочилиб туради.

Фото: NASA

Энг катта туманлик деб астрономлар Тарантул туманлигини тан олишади. Бу объект Ердан 170 000 ёруғлик йили масофада, катта Магеллан булутида жойлашган. Тарантул туманлиги бизнинг галактикамизга яқин теваракда янги юлдузлар шаклланаётган энг фаол жойдир. Унинг кенглиги 1 800 ёруғлик йили масофасигача бориб етади.

Эридан Войд бўшлиғи коинотдаги бизга маълум энг катта бўшлиқ ҳисобланади. 2004 йилда астрономлар WMAP хариталарида аниқлаган ушбу жой ҳақиқатан ҳам мутлақо «кимсасиз» эканлиги билан кишини таажжубга солади. Кенглиги 1,8 миллиард ёруғлик йилига тенг бўлган ушбу бўшлиқда на бирор дона юлдуз, на газ ва чанг булути, ҳаттоки мавҳум материянинг шарпаси ҳам аниқланмаган. У жой шунчаки бўм-бўш.

IC 1101 – энг йирик галактика. Галактикалар ўзи ҳақиқатан ҳам жуда улкан ўлчамларга эга бўлади. Масалан, бизнинг Сомон йўли галактикамизнинг ўзи диаметрига тахминан 100 000 ёруғлик йили масофасига эга. Бу бизникига ўхшаш спиралсимон галактикалар ичида ўртача ўлчам ҳисобланади. IC 1101 эса Сомон йўлидан ўлчамига кўра 50 марта катта ва массасига кўра 2 000 марта каттадир! Бу улкан галактика 5,5 миллион ёруғлик йили масофасига чўзилган диаметрга эга. У Сомон йўли ва унга қўшни Андромеда галактикаси биргаликда эгаллаган жойдан ҳам катта жойни эгаллаган.

Фото: NASA

Энг йирик қора туйнук TON618 деб номланади ва у моҳиятан квазар бўлиб, тахминан 66 миллионта Қуёш массасига тенг массали объектдир.

Энг йирик галактик ташламалар Ферми шишлари саналади. 2005 йилда астрономлар Сомон йўли галактикасининг яқинида диаметри 25 минг ёруғлик йилига тенг бўлган улкан структураларни аниқлашган. Унинг ўлчами Сомон йўлининг чорак қисмига тенг эканлигидан кўриниб турибдики, бу қандайдир жуда улкан объектдир. Олимларнинг фикрича, Ферми шишлари деб номланган ушбу объект қачонлардир – узоқ ўтмишда мавжуд бўлган қора туйнукнинг қолдиғи бўлиши мумкин экан.

Энг йирик яхлит объект – SPT2349-56 протокластери. У жуда қадимда, коинот ҳозиргидан 10 баробар ёшроқ ва қайноқроқ бўлган замонда шаклланган. Ўшанда у 14 та алоҳида галактиканинг ўзаро бирлашиб кетишидан ҳосил бўлган. Ушбу объектнинг массаси Қуёш массасидан 10 триллион марта катта экани аниқланган. Қўшимча текширишлар шуни кўрсатдики, SPT2349-56 объекти атрофида яна камида 50 галактика айланар экан.

Галактикаларнинг энг йирик тўдаси Шепли ўта катта тўдасидир. Уни 1930 йиллар бошидаёқ астроном Харлоу Шепли топган эди. Ушбу улкан галактика тўдаси таркибида 8000 тага яқин галактика мавжуд. Уларнинг умумий массаси эса Қуёш массасидан 10 миллион миллиард марта каттадир.

Энг йирик галактик кластер Ланиакея кластери бўлиб, бизнинг Сомон йўли галактикамиз унинг жуда-жуда кичик бир бўлаги холос. Ланиакея кластерининг чек-чегараси маълум эмас. Ундаги галактикалар сони эса 100 000 дан зиёд. Ланиакеянинг диаметри 520 миллион ёруғлик йилига тенг деб баҳоланган.

Квазарларнинг энг йирик тўдаси эса Huge-LQG деб номланади. Квазарларнинг ўзи ҳам аслида жуда катта объектлар бўлади. Лекин уларнинг тўдалари ҳам фавқулодда йирик ва катта самовий объектларга бирлашади. Huge-LQG 73 та квазардан ташкил топган бўлиб, массаси 6,1 квинтиллион Қуёш массасига тенгдир. Диаметри эса 4 миллиард ёруғлик йилини ташкил қилади.

Музаффар Қосимов