22 октябрь, сешанба куни Россия бош вазири Дмитрий Медведев «Очиқ инновациялар — 2019» форумида иштирок этади. Россия вазирлар маҳкамаси раҳбари Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан ҳам учрашув ўтказади. Бу ҳақда Россия Федерацияси ҳукумати матбуот хизматига асосланиб «ТАСС» хабар берди.
Форумда Беларусь вазирлар маҳкамаси раҳбари Сергей Румас, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Евросиё иқтисодий комиссияси раиси Тигран Саркисян, Байер АГ директорлар кенгаши раиси Вернер Бауманн Future of Humanity Institute (Инсоният келажаги институти) Ник Бостром, Google Play директори Пурнима Кочикар, Сколково фан ва технологиялар институти профессори Иван Оселедец қатнашади.
Россия бош вазири ўтган йили август ойида Туркманистондаги Каспий иқтисодий форуми, ундан олдин—июлда Москвада ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашган эди. Медведев Арипов билан сўнгги суҳбати чоғида икки мамлакат бош вазирларининг тез-тез учрашиб туриши Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг барқарор ривожланиши калити эканлигини таъкидлаб ўтган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати раҳбари икки томонлама ҳамкорлик янги даражага кўтарилгани ва Россия—Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2019 йилнинг дастлабки етти ойида 15 фоизга ўсгани ҳамда йил охирига келиб 6 миллиард долларга етишини айтган.
Маълумот учун, «Очиқ инновациялар—2019» форуми 2012 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Тадбир энг янги технологияларни ривожлантириш ва тижоратлаштириш муаммоларини муҳокама қилиш, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик учун янги воситаларни яратиш учун майдончадир.
Изоҳ (0)