Ўзбекистон Сенати судьяларнинг махсус кийими тавсифи ва намунасини тасдиқлади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Судьялар махсус кийими Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17 январдаги 5635-сонли фармонига мувофиқ, Сенат томонидан Судьялар Олий Кенгаши, Конституциявий суд ва Олий суд билан биргаликда намуналари ишлаб чиқилган. Қайд этишларича, бу борада нафақат миллий қадриятлар, балки АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон ва бошқа шу каби хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганиб чиқилган.
Республика судлари судьялари учун махсус кийим ранги тўқ-кўк бўлса, Конституциявий суд судьялари учун тўқ-олча рангда ва таркиби 70 фоиз жундан иборат бўлади. Судьялик махсус кийими тўплами — махсус кийим, манишка ва ипак бўйинбоғ-пластрон судьяларнинг индивидуал тана ўлчамлари бўйича, фақатгина судьялик гувоҳномаси асосида буюртмага қабул қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, таъкидлашларича, судьялик махсус кийимининг тўплами учун ишлатиладиган мато қишки ва ёзги ҳолати бўйича ўзгариши мумкин, шунингдек, судьялик махсус кийимининг фойдаланиш муддати 2 йил этиб белгиланган. Ўзбекистонда мазкур тадбирларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 500 миллион сўм қўшимча харажатлар талаб қилиниши тегишли идоралар билан келишилган.
Изоҳ (0)