Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги 2019 йилнинг январь—август ойлари давомида мамлакат эҳтиёжлари учун Ўзбекистондан неча пуллик табиий газ сотиб олинганини маълум қилди.

Фото: «Today.tj»

2019 йилнинг саккиз ойи давомида Тожикистон Ўзбекистондан 9,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган табиий газ харид қилган, дея хабар берган мамлакат энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ахборот хизмати.

«Тожиктрансгаз» газ тақсимоти компанияси эса январь – август ойлари давомида импорт қилинган ўзбек гази миқдори қанча эканлигини ошкор этмади.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳисобот даври давомида Ўзбекистон Тожикистонга 54 миллион кубометр газ экспорт қилган.

Мамлакат импорт қилинган мовий ёнилғини йигирмадан ошиқ корхоналар, жумладан Тожикистон алюминий компанияси фаолиятига йўналтирган.

Йил бошида «Тожиктрансгаз» раҳбари ўринбосари Шавкат Шоимзода 2019 йилда Ўзбекистондан 200 миллион кубометр табиий газ сотиб олиш режалаштирилганини маълум қилганди.