«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қоладиган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони олти йилдан буён моделлик қилаётган қиз.
Нигина Рўзибоева Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозир 22 ёшда. Жисмоний тарбия институтини тамомлаган. Олти йилдан буён моделлик фаолиятини олиб боради. Айни пайтда профессионал моделларни тайёрлаш халқаро агентлигида ишлаяпти.
Онам менга ҳомиладор бўлганларида раҳматли дадам Худо хоҳласа қизим туғилса, келажакда модел бўлади деб ният қилган эканлар. Фаришталар омин деганми билмайман, мана бугун шу соҳадаман.
Болалигимда кийим кийиш, пардоз қилиш жуда ёқарди. Уйга меҳмон келса, олдига ҳар хил кийиниб, ясаниб чиқардим. Кийимларим тугаб қолса, дастимдан онамнинг кўйлаклари ҳам қолмасди. Уларни ўзимга мослаб, қирқиб, фасонлар яратардим. Лекин кейинчалик спорт билан шуғулланишни бошладим. Таэквондо WTF бўйича кўплаб ютуқларга эришдим. «Спорт устаси» бўлишим мумкин эди. Аммо уришавериб ўғил бола сифат бўлиб кетгандим.
16 ёшимда аммам моделларни тайёрлайдиган агентликка олиб бордилар. Ўша пайт кастинг бўлаётган экан. Қизлар кўп, савол берса нима дейман, деб қўрқиб туришарди. Менда эса, табиийки, ҳаяжон йўқ эди. Ўтсам ўтдим, ўтмасам ҳам ҳеч нарса йўқотмасдим. Савол-жавоб қилишди. Бўй-бастимни ўлчашди. Бир ҳафтадан кейин қўнғироқ қилиб, синовдан ўтганимни айтишди.
Бошида пошнали туфлида юриш, бўяниш умуман ёқмасди...
Бошида жуда қийналганман. Мусобақалар, машғулотлар, яна қўшимчасига моделликка ҳам ўқирдим. Енгил, қулай оёқ кийимларига ўрганиб қолганимга пошнали туфлиларда юриш, айниқса бўяниш умуман ёқмасди. Хоҳламасдим. Лекин қизиқишим сабаб ҳаммасига кўникдим. Мен ҳаётда ҳамиша биринчи бўлишга интилганман... Моделликда ҳам энг зўри, энг олди бўлиш учун тинимсиз ҳаракат қилдим.
Ҳар куни уйга келиб, фақат Fashion TV каналини кўрардим. Моделлардан ўрганиб, тақлид қилиб юрардим. Худога шукр, ўйлаган барча ниятларимга эришдим.
Мактабни битириб, бир муддат модел бўлиб ишладим. Катта-катта мода ҳафталикларида қатнашдим. Танилдим. Кейинчалик халқаро агентликка директор бўлдим.
20 ёшимда модел бўлиш сирлари ҳақида «Пособие для моделей Promodel Agency» номли китобим чиқди. Ҳозир ўша китобдан ҳамма агенликлар фойдаланяпти.
Instagram’даги сохта моделлар
Instagram’га кирсангиз, ҳамма ўзича модел. Саҳифасига катта қилиб ёзиб қўйган. Обуначилари кўп. Лекин аслида модел ўзи кимлигини билишмайди. Бизга жуда кўп қизлар келади. «Мен моделман!» деб керилиб гапиради. Хўп, модел ўзи ким, у нима иш қилади десангиз, тайинли жавоб беролмайди.Моделлик фақат расмга тушиб, журнал муқоваларида чиқиш дегани эмас. У – табиий манекен. Дизайнер яратган либосни чиройли қилиб кўрсатиб бериши керак. Бу шундай кийим кийиб, қўлни белга қўйиб, бир айланиб келиш эмас. Юришнинг ҳам ўз техникаси, қонун-қоидалари бор. Агар ўша Instagram’даги моделларни профессионаллар билан солиштирсангиз, ўзини тутиши, гап-сўзи, муомаласидан тезда сезилиб қолади.
Бир куни сёмка учун пардозчининг олдига бордим. Модель деб яна бир қизни чақиришибди. Кўриб, моделмаслигини биттада сездим. Сабаби, Тошкентдаги ҳамма моделни яхши биламан. Кейин ўзини тутишидан, гапиришидан алдаётгани билинди. «Вой, ўтимни нима қилдингиз, э, бўтимни бузиб қўйдингиз», деб ўзини оляпти. Тўғри, менга ҳам пардозчининг иши ёқмади. Лекин ҳар бир стилист сизни бошқача кўради. Ўзгартириши табиий, бу сизга ёқмаслиги мумкин, аммо норозиликни уришиб, жеркиб эмас, чиройли муомала билан айтса бўлади. Ахир ўқимагандан кейин буни қаердан биларди? Ҳақиқий профессионал модел тарбияли бўлади.
Модель бўлиш шартлари
Моделликка қизлар асосан 16 ёшдан қабул қилинади. Бўйи 170 сантиметрдан баланд, қомати эса 90/60/90 бўлиши керак. Биз ҳар ой моделларимизнинг вазнини ўлчардик. Семирган бўлса, бир ой вақт берилади. Шу муддатда озмаса, у билан хайрлашишга тўғри келади. Аммо ҳозир шундай мактаблар бор, уларга қизларнинг фарқи йўқ. Семизми, бўйи пастми аҳамиятисиз. Ҳатто 145 сантиметр бўйли қизни ҳам олишганини кўрганман. Ўқитамиз деб алдаб, пулини олади, бўлди.Болалар эса моделликка 6 ёшдан олинади. Энг қизиғи, уларда катталардан нисбатан ўзига ишонч баланд. Ҳозир ўқувчиларим машҳур ичимликлар, дори воситаларининг юзига айланган. Клипларда чиқишади. Хуллас, моделликда ҳаммаси ўз ўрнини топиб кетди.
Моделликда чирой қанчалик муҳим?
Биласизми, дунёда хунук қизлар йўқ, балки ўзига ишонмайдиганлар бор. Бугун қизларнинг энг катта муамоси шу! Мисол учун, ким биландир суратга тушсангиз, чиройли чиқдиммикан деб биринчи ўзингизга қарайсиз. Мана бу ўзига ишонмаслик. Мактабимизга ҳам тортинчоқ, уяладиган қизлар кўп келади. Биз улар билан ишлаб, ўргатиб, зўр моделлар қилиб етиштирганмиз.Юз камерада бошқача кўринади. Расмга тушаётиб, бир томон чиройли, иккинчи томон эса кўнгилдагидек чиқмаслиги мумкин. Сочингизни орқага қилсангиз бошқача, олдинга ташласангиз, умуман бошқача қиёфа бўлади. Бу ерда қўл ҳаракатлари катта рол ўйнайди. Хуллас, чиройли суратга тушишни сирлари кўп. Фотомоделларга энг биринчи шуни ўргатардик.
Модель одамларни ўзига жалб қила олиши керак
Ўзбекистонда моделларни тайёрладиган махсус мактаблар, агентликлар бор. Ҳаммасининг ўқитиш услуби, муддати ҳар хил. Масалан, мен уч ой ўқиганман. Икки йилча олдин ўқиш нархи 1 миллион эди.Биз курс давомида ҳар бир қиз билан алоҳида ишлардик. Подиумда қандай юриш, ўзини тутиш, кийинишдан тортиб, то психологиягача ўргатардик. Чунки профессионал модел одамлар билан чиройли мулоқот қилишни, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини тутишни, энг муҳими, одамларни ўзига жалб қилишни билиши керак.
Касбимизда энг кераги шу. Шундай қизлар бор эди, қанча тавсия қилсак ҳам дизайнерлар «йўқ, менга бу ёқмади, ишламайман», деб кетарди. Қизлар эса билмай «нега мени чиқармаяпсиз?» деб шикоят қиларди. Уларни яна офисга чақириб, қайта ўқитардик. Ўргатардик. Кейин дизайнерлар танлаб оларди.
Алданган модель
Моделлик мактабини битиргандан кейин қизлар билан хоҳласа олти ой, бир йил ё икки йилга шартнома тузилади.Энг муҳим шартлардан бири — моделлар белгиланган муддат давомида фақат биз билан ишлайди. Айтган лойиҳаларимизда қатнашади. Рухсатимизсиз суратларга, сёмкаларга бориши мумкин эмас. Бир марта шундай ҳолат бўлган. Моделимиз бизга билдирмай фотосессияда қатнашган. Фотограф унинг расмларини Photoshop’да яланғоч қилиб ташлаган. Мен кўрсам Photoshop’лигини биламан, аммо қолганлар-чи? Ҳамма ҳам бунинг фарқига бормайди. Олдимга йиғлаб келганида бу кимнинг айби, шартномани буздингми, энди ўзинг ҳал қил деб айтганман.
Даромад эса 60/40. Пулнинг кўп қисмини, яъни 60 фоизини агентлик олади. Нега ундай дейишишингиз мумкин. Биринчидан, «клиент»ларни ўзи топади. Иккинчидан, барча мажбуриятларни, югур-югурларни ўз зиммасига олади. Агентликлар ўртада турса, моделни ҳеч ким алдаб кетмайди. Қўпол, ортиқча муомала қилолмайди. Агентлик сизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайди.
Моделлар қанча пул топади?
Сёмкасига, «клиент»га ва албатта ишлаётган соатига қараб пул олади. Масалан, оддий трикотаж кийимларнинг икки соатлик фотосессияси 200 мингдан 400 мингача. Бренд кийимларники эса қимматроқ. Клипдан кўпроқ пул топиш мумкин. Оддий қиз бўлса, клипда чиққанига хурсанд бўлиб, 100 минга ҳам рози бўлиб кетаверади.
Одам ўз қадрини билиши керак. Меҳнат қиляпсизми, ишингизни чин дилдан бажаряпсизми, шунга яраша пул олинг.
Профессионал модель қиммат ва қадрли бўлади
Ҳар йили фашион шоw кўргазмаси ўтказиларди. Моделларим билан борсак, ҳамманинг нигоҳи бизда, ташкилотчиларнинг ҳам муомаласи бошқача бўларди. Масалан, биз алоҳида кийинардик, подиумга ҳам биринчи бўлиб чиқардик. Бир хил меҳнат, бир хил вақт, лекин оладиган пулда ҳам катта фарқ бор эди. Масалан, улар 100 минг, биз 450 минг сўм олардик.
Бунга бошқа моделларни ғайирлиги келиб, нимага одам ажратяпсизлар, деб гапиришарди. Шунда ташкилотчилар ҳам, мен ҳам бу соҳада ўқиганмисан, деб савол берардик. Жим бўлиб қолишарди.
Ўқиган одам профессионал бўлади ва ҳамиша қиммат юради
Ёлғиз ишлайдиганлар ҳам бор
Мактабимизни тугатиб, биз билан шартнома тузмай, ўзи ишлайдиганлар ҳам бор. Агентликдан олган портфолиоларини, расмларини Instagram’га қўйиб, одам йиғади. Ўзи «заказ» олади. Қаттиқ ишлаб, кўргазмаларда ҳар доим қатнашса, кунига 250 минг — 300 минг, ҳафтасига тахминан 2 миллион топиши мумкин. Агентликка пул бермагани учун ҳамма пул ёнига қолади. Ёлғиз ишлашнинг бир ёмон томони, унга ҳар хил муносабат бўлади. Репетицияларда дизайнерлар бақириши, қўпол гапириши мумкин. Агентликдаги моделларга эса ҳеч нарса деёлмайди. Ташкилот уларни ҳимоя қилади.Моделлар бой одамларнинг жазманими?
Одамлар орасида моделлар бойлар билан юради деган гап-сўзлар юради. Ҳаммаси эмас, лекин шундай ҳамкасбларимиз бор, афсуски, улар кўп. Турли кечаларга, тадбирларга пулдор, обрўли инсонлар рафиқалари билан таклиф этилади. Лекин улар ўз аёллари билан эмас, балки моделлар билан боради.
Шундай агентликлар бор, ўқитаётган ёш қизларини алдаб, пулдорларга сотади. «Анави одам билан шу жойга боргин, бирга ўтиргин, сенга пул беради», деб юборади. Ёш қиз нима қилаётганини билмайди, англамайди. Бораверади...
Ресторанларга борганимда бойвачча кишилар билан ўтирган моделларни кўп кўрардим. Мени кўриб бекинишарди. Афсуски, билиб туриб, манфаат учун қиладиганлар ҳам бор...
Биринчидан, ҳеч қандай меҳнатсиз пул топади. Текин овқат ейди. Дастурхонини расмга олиб, Instagram’да мақтаниб қўяди. Ўша ердан яна биротасини топади... Хуллас, арзимас хой-у ҳавас ортидан ҳаётини барбод қилади.
Лекин бу моделларнинг ҳаммаси енгилтак дегани эмас. Биласизми, офисга «сотиладиган қизлар борми, неч пул туради?» деб телефон қилишарди. Ёмон жаҳлим чиқарди, одамлар ўзини ким деб ўйлайди, билмайман.
Моделларимизнинг тарбиясига қаттиқ турардик. Қанақа кийимда юрибди, қандай машинада келиб кетяпти, ҳаммасини назорат қилардик. Ҳатто акаси келса ҳам офисга киргизмас эдик.
«Енгилроқ» қизларимиз ҳам бўлган. Айримлари фотографлар билан танишиб, гаплашиб кетарди. Уларни ўйлаб ўтирмай ҳайдаб юборардик. Ойиси келиб, мен билан уришиб, бировнинг ҳаётига аралашишга нима ҳаққинг бор деб жанжаллашарди. Майли ташқарида нима қилса қилсин, лекин бу ерда у бизнинг юзимиз, деб тўғри тушунтирганман.
Биласизми, моделликка кимдир қизиқиш туфайли, кимдир аниқ мақсад билан келади. Лекин бу ерга келсам, тезда эрга тегиб кетаман ёки қандайдир бой одам мени кўриб севиб қолади, деган ниятда келганлар ҳам бор. Ундайларни ўқитганман ҳам. Бизга кўп муаммо олиб келишган. Кейинчалик кастингга келган қизлар билан яхшилаб гаплашиб, мақсадини билиб, кейин қабул қилишни бошладим. Биринчи ўринда қиз бола бўлмаса олмасдик...
Қизни ота-онасининг ўзи олиб келса, роса хурсанд бўлардим. Уйдагиларга айтмай келган қизларни «бор, ота-онангни олиб кел» деб қайтарворардим. Ҳар иш ота-она розилиги билан бўлгани яхши.
7 ёшимда дадам дунёдан ўтган. Шундан бери онам менга ҳам ота, ҳам она бўлди. Мени ҳамиша қўллаб-қувватлади. Моделликка қадам қўяётиб, онамнинг юзини ҳеч қачон ерга қаратмайман деб олдимга мақсад қўйганман. Худога шукр, кам бўлмадим. Қизлар ота-онасининг, оиласининг юзи эканлигини унутмаса, ҳаммаси яхши бўлади.
Биласизми, энг фахрланадиганим, мени ўқитган моделларнинг ҳеч бири ёмон ном чиқармади. Пул учун ким биландир овқатланиб ўтирганларини, ҳар хил ёмон иш қилганларини кўрмадим. Худога шукр, меҳнатларимиз зое кетмади.
Моделликнинг қийинчиликлари
Гўзал қадди-қомат чиройли юзнинг ортида анчагина машаққат ётади. Кўп нарсани қурбон қиласиз... Подиумда қатнашаётган бўлсангиз, эрталабдан кечгача репетиция қилаверасиз. Оёқлар оғрийди. Ҳар кунлик турмак деб сочингиз тўкилади. Мен кўз нуримни йўқотганман. Бундан ташқари, 16 ёшимда бўйим 176 сантиметр эди Ҳозир 172 сантиметр; пошнада юравериб, бўйингиз чўкади.
Доим ўз қоматингизни сақлаб туришингиз керак. Бир куни репетицияда модел олдимда хушидан кетиб қолди. Озиш учун икки кундан бери овқат емаётган экан. Доим моделларимга айтаман: озиш учун овқат емасдан ўзини қийнаш керакмас. Шунчаки спорт билан шуғулланиб, эрталаб туриб югуриш керак, бўлди, ортиқча пул сарфлаб спорт залларига бориш ҳам шарт эмас.
Моделнинг шахсий ҳаёти бўлмайди
Унинг хаёли фақат подиумларга чиқиш, фотосессия, сёмкаларда бўлади. Карьера деган жойда эса оилага ўрин йўқ. Моделлик пайтимда кўргазмалар, концерт, уёқдан буёққа югуриб юрардим. 4—5 соат ухлашга вақтим бўларди холос. Ишимни жуда яхши кўрганим учун бошқа нарса қизиқтирмасди.Моделликда ўртоқчилик бўлмайди. Кастингда дугонангизни эмас, сизни танлашдими, тамом, сиздан аламини олмагунча қўймас экан. Мода намойишида кимдир туфлимга шиша синиқларини солиб қўйган. Билмай кийиб олиб, юролмай қолганман. Бу ёқда дизайнер юрмайсанми деб бақирарди. Ўша вақт подиумга чиққанман. Мени деб дизайнернинг бир йиллик меҳнати йўққа чиқмаслиги керак эди.
Ўшанда кимга нима қилдим, қаерда хато қилдим деб қаттиқ хафа бўлганман. Улғайиб тушундимки, ёмонлик қилишлари учун бировга нимадир қилишингиз шарт эмас экан...
Раҳбарлигимда дўстларим кўп эди. Онам «шу ўртоғинг менга ёқмайди-да, бирга юрма» дерди. Йўқ, у яхши қиз, сиз нотўғри гапиряпсиз деб тортишардим. Лекин ишдан кетганимдан кейин... Ортимдан ҳар хил гаплар, иғволар чиқариб, ҳаммаси асл юзини кўрсатди. Бориб тавбасига таянтириб келгим келади, лекин вақтида уларга кўнглимдан жой берганман, дардларимни айтганман... Индамай қўя қолдим. Ҳозир эса дўстларим бармоқ билан санарли.
Улғайганингиз сари гап-сўзлардан зерикаркансиз
Instagram’да 14 мингдан ортиқ фолловерим бор эди. Бошида «хайрли тонг», «чиройлисиз», «учрашайлик» деб ёзади. Ёзмасангиз, эртасига сўкишни бошлайди. «Сизга нима қилдим, нега сўкяпсиз?» деб сўрасангиз, «нимага менга ёзмаяпсан» дейди. «Нимага сен билан гаплашишим керак?» деб жаҳлим чиқиб кетади. «Нега унда Instagram’га расм қўйдинг?» деб айтади. Ие, кечирасиз, қиз бола Instagram’га киргани, расм қўйгани сиз билан гаплашади дегани эмас. Нега одамлар ўйламайди, мулоҳаза қилмайди? Охири чидолмадим, Instagram’имни ўчириб юбордим.
Отасизлик қандайлигини жуда яхши биламан
Менталитетимизга ҳеч тушунмайман. Одамлар 22 ёшга кирдинг, нега эрга тегмаяпсан, тинчликми деб гапиришади. Уларга нима? Нега бировни ҳаётига аралашаверишади.
Ким оила қургиси, бахтли бўлгиси келмайди? Мен ҳам бошқа қизлар қатори бир оиланинг бекаси, суюкли ёр бўлишни хоҳлайман. Бироқ шошилганим йўқ. Сўраб-суриштириб, гаплашиб, билиб, кейин оила қуриш тарафдориман. Сабаби, қанча танишларим битта учрашувдан кейин эрга тегиб, боласи билан ажрашиб кетяпти. Ҳозир болаларга қарасангиз, ё онаси йўқ, ёки отаси. Отасизлик қандайлигини жуда яхши биламан. Фарзандларим менинг кўйимга тушишларини хоҳламайман.
Уйга совчилар кўп келади, чиқиб учрашгим келмайди. Аксарияти тагида машина, қўлида жарағ-жарағ пул отасини даврида давронини суриб юрибди. Лекин эртага-чи, эрга текканимдан кейин бирор нима бўлса, уни мен боқаманми?
Худо хоҳласа ҳаётимда кучли, ақлли ва мени севиб ардоқлайдиган инсонни учратсам, албатта оила қураман.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.
Аввалги соядаги одамлар:
«Тарозидан уриб, одамларга қуртлаган жигар ва гўшт сотгани учун қассоблар узоқ яшамайди». Қассоб йигит ҳикояси«Тиланчилар таксида, ўқитувчилар автобусда юрадиган замонда яшаяпмиз». Киракаш йигит ҳикояси
«Бой ўлса ўлсин, камбағал ўлмасин». Гўрков Юрсунали ота Умаралиев ҳикояси
«Менга ҳеч нарса керакмас, шунчаки бахтли бўлишни хоҳлайман». Мардикорлик қилаётган қиз ҳикояси
«Ўзбекистон ўликхоналарида мурдалар сотилмайди!» Морг ходимининг ҳикояси
«Официантлар қўпол мижозларнинг овқатига тупуриб беришини эшитганман». Официант йигит ҳикояси
Изоҳ (0)