Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил февраль ойида Россияга ташриф буюриши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 1 октябрь, сешанба куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон—Россия ишбилармонлик кенгашининг тўртинчи мажлисида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маълум қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».
«Аминманки, Шавкат Мирзиёевнинг келгуси йил бошида — февралда Москвага амалга оширилиши режалаштирилаётган ташрифи алоқаларимизни мустаҳкамлашда яна бир қадам бўлади», — деб таъкидлаган Содиқ Сафоев.
Содиқ Сафоевнинг маълум қилишича, 2019 йилнинг январь—сентябрь ойларида икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ўтган йилнинг худди даврига нисбатан 10 фоизга ўсиб, 4 миллиард доллардан ошди. Россия компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми 9 миллиард доллардан зиёдроқни ташкил этган.
Томонлар Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича тадбирлар режасини имзолади.
Изоҳ (0)