Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни йўл хўжалигини ривожлантириш ва ушбу соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Германиялик ҳамкорлар билан биргаликда автомобиль йўллари қурилиши соҳасида қўшма лойиҳа институтини ташкил этиш, Ўзбекистон иқлими ва қатнов хусусиятларини ҳисобга олиб, йўл қурилиши соҳасидаги норматив ҳужжатларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Масалан, мамлакатда йўл қуришда ҳанузгача асосан асфалт-бетон ишлатилади. Бундай йўлларнинг хизмат муддати 10—15 йил бўлиб, 4—5 йилдаёқ таъмирталаб аҳволга келиб қолади.

Цемент-бетон қопламали йўлларни қуриш 15—20 фоизга қиммат бўлса-да, эксплуатация муддати 2—3 баравар кўп ва сақлаш харажатлари 3 баравар кам.

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш ҳажми ортаётганини инобатга олиб, янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган давлат аҳамиятига эга йўлларни босқичма-босқич цемент-бетон қопламага ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.

Яна бир муаммо йўлларни мониторинг қилиш бўйича автоматлашган тизим йўқлигидир. Қайси йўлдан қанча оғирликдаги юк ташиш мумкинлиги ҳаммага маълум эмас. Меъёрдан ортиқ оғирликда юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати назорат қилинмаяпти.

Шу боис йиғилишда барча йўлларнинг электрон базасини шакллантириш, махсус автоматлашган ўлчаш воситаларини ўрнатиш бўйича дастур ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда йўл бўйи инфратузилмасини халқаро андозалар асосида лойиҳалаштириш, халқаро йўлларда сифатли сервисни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Қатор кўприклар таъмирталаб, айримлари умуман ташландиқ экани танқид қилиниб, барча кўприкларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, уларни таъмирлаш ва тиклаш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратилиб, соҳадаги институтларни йирик лойиҳаларга бириктириш, улар доирасида илмий ходимлар учун синов майдонлари ва тадқиқот лабораториялари ташкил қилиш, иқтидорли талабаларнинг хорижда малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда белгиланган вазифалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар