Давлат тест маркази «Дарё»да эълон қилинган «Фарғонадаги мактабда 1-синф ўқувчиларига полда дарс ўтилмоқда. Парталарни ДТМ олиб кетган» номли мақолага ўз муносабатини билдирди.

Фото: Нафиса Сотиболдиева

Марказ томонидан берилган раддияга кўра, мақолада «Фарғона шаҳридаги 24-сонли умумтаълим мактабининг 1-синф ўқувчилари парталари йўқ синфда, полда ўтириб дарс ўтилаётгани», «Давлат тест маркази парталарни олиб кетгани сабаб болалар шу аҳволда таълим олишга мажбур бўлмоқда» ёки «парталар Давлат тест марказиники бўлганлиги сабаб мактабдагилар ҳеч нима қила олишмайди» каби жамоатчилик фикрини бузишга, ўзгартиришга қаратилган ибораларни ўқиш мумкин. Бу амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан умуман бехабар (ёки хабардору, атайин шундай йўл тутган), бир томонлама нохолис ёритилган, ҳақиқатга зид хулоса қилиш услуб ва шаклларни ёқтирувчи журналист томонидан эълон қилинганлиги кўриниб турибди. Агар ўзини ҳурмат қилган журналист таҳририятга келган хабарни эълон қилишдан олдин унинг ҳақиқатлигига ишонч ҳосил қилиш учун журналистлик бурчини бажарганида ёки Давлат тест марказида парталар умуман йўқлиги, бўлмаганлигини билганида ёхуд ҳеч бўлмаса, Давлат тест марказига боғланиб сўраганида, бундай туҳмат хабар дунё юзини кўрмасди.

Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосарининг 2019 йил 26 сентябрдаги ёзма кўрсатмасига мувофиқ, жорий йилнинг 3—4 октябрь кунлари Қўқон университетига кириш тест синовлари ўтказилиши белгиланган.

Шунингдек, кўрсатмада Фарғона вилояти ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Ахборот технологиялар ва коммуникасияларни ривожлантириш вазирлигига «Тест синовлари ўтказиладиган биноларни етарли миқдорда бир ўринлик стол ва стуллар, зарур техника воситалари билан жиҳозлаш, ота-оналар кутиш жойларини тайёрлаш, маиший ва тиббий шарт-шароитлар яратиш ҳамда назорат хизмати постларини ташкил этиш таъминлансин», каби вазифалар юклатилган, Давлат тест марказига эмас. Амалдаги тартиб ҳам шундай.

Давлат тест маркази жойларда маҳаллий ташкилотлар томонидан тайёрланган биноларда тест синови ўтказади, биноларни парта билан таъминлаш вазифаси билан шуғулланмайди. Буни ҳамма билиш шарт, айниқса журналистлар.

Таҳририятдан:

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эга.

«Фарғонадаги мактабда 1-синф ўқувчиларига полда дарс ўтилмоқда. Парталарни ДТМ олиб кетган» номли хабар фуқаро томонидан юборилган (мурожаатчи тақдим этган электрон маълумотлар таҳририятда мавжуд) информация асосида тайёрланган бўлиб, материал таҳририят нуқтаи назари эмас.

Давлат тест маркази жойларда маҳаллий ташкилотлар томонидан тайёрланган биноларда тест синови ўтказади, биноларни парта билан таъминлаш вазифаси билан шуғулланмаслигини мухбир билиб олди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон учун энг катта хавф кадрларнинг савияси, билими, илми ва фидойилигида кўришини маълум қилган бир пайтда ўқувчиларнинг ўта оғир ҳолатда дарс ўтаётгани «Дарё» мухбирини таажжублантирган ва тез фурсатда вазиятни ўнглаш учун ишга киришган. Унинг нияти Давлат тест маркази ёки бошқа мутасаддиларни айблаш эмас, аксинча, эртамиз эгалари бўлган ўқувчилар шароитини таъминлашни мақсад қилган.

Бунда таҳририятнинг асосий вазифаси мурожаатчи учун майдон яратиб бериш ва муаммонинг ўз вақтида ҳал қилинишига кўмаклашишдир. Пировардида кўтарилган масалага мутасаддилар томонидан зудлик билан эътибор қаратилгани учун хабар сайтдан ўчириб юборилди.

Мурожаатчининг «Дарё»га маълум қилишича, бугуннинг ўзида мактабга парталар олиб келинган.

«Дарё» фуқаролар учун ҳам, мутасаддилар учун ҳам сўз эркинлигини таъминлаш мақсадида ҳамиша очиқ майдон ва ўз фаолиятини Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатлари асосида иш юритади.