Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида 17 сентябрь, сешанба куни спорт курашлари бўйича Жаҳон чемпионатининг тўртинчи куни давом этмоқда.

Фото: МОҚ

Бугунги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоасининг икки вакилли Токио—2020 Олимпиадасига лицензия қўлга киритди.

Рио Олимпиадаси совриндори Элмурот Тасмуродов (-60 кг) юнон-рим курашида учинчи ўрин учун баҳсда молдовалик Виктор Сиобануга қарши гиламга чиқди. Ушбу беллашувда ғолиб чиққан Тасмуродов бронза медали учун гиламга чиқиш имконияти билан бирга, Токио Олимпиадаси йўлланмасига ҳам эга чиқди.

Классик кураш бўйича -77 килограмм вазн тоифасида ҳаракат қилган Жалгасбай Бердимуратов эса украиналик ва литвалик рақибларини мағлуб этган ҳолда ярим финалга чиқди. Бу Бердимуратовга Олимпиада йўлланмасини тақдим этди. Ўзбекистонлик курашчи кечки дастурда қозоғистонлик Асхат Дилмуҳаммедовга қарши бронза медали учун гиламга чиқади.

Шу тариқа Токио Олимпиадасига йўлланма олган ўзбекистонлик спортчилар сони еттитага етди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!