Германиянинг Volocopter (собиқ E-volo) стартапи учувчисиз аэротакси лойиҳаси учун 50 миллион евро жалб қилди. Бу ҳақда «VS.ru» хабар бермоқда.
Инвестициялар борасида Geely ва Volvo авто ишлаб чиқарувчиларига эгалик қиладиган Хитойнинг Zhejiang Geely Holding Group компанияси етакчилик қилди. Келишувда, шунингдек, лойиҳанинг АҚШ, Европа ва Осиёдаги янги ва мавжуд инвесторлари ҳам иштирок этган.
Мазкур музокараларнинг охирги раундини ҳам ҳисоблаганда Volocopter стартапга асос солинган 2011 йилдан бери 81 миллион евро (жумладан, Intel ва Daimler маблағлари ҳам) тўплашга эришди.
Volocopter жалб қилинган маблағларни 2021 йилгача мўлжалланган аэротакси тижорий рейсларини ишга туширишга тайёргарлик учун сарфлайди.
Шунингдек, келишув доирасида стартап ва Geely Хитойда аэротранспорт учун экотизимни ривожлантирадиган қўшма корхонани яратади.
Жорий йил 21 август куни Volocopter ўзининг илк тижорий аэротаксиси — VoloCity’ни тақдим этганди. Компания вакилларига кўра, ушбу транспорт соатига 110 километр тезликда икки кишини 35 километргача элтиши мумкин. Август ойи охирида компания Хельсинки аэропортида прототипларидан бирининг синов парвозини ҳам амалга оширганди.
Изоҳ (0)