Фарғона вилояти 2-сектор раҳбарининг навбатдаги сайёр қабули Бағдод туманида ўтказилди. Бу ҳақда «Халқ билан мулоқот» портали «Дарё»га маълум қилди.
Қабул давомида 46 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди ва 41 та ёзма мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.
Мурожаатлар асосан ичимлик суви таъминоти, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.
Хусусан, «Говхона» қишлоғининг Тадбиркор ва Қўшчинор кўчалари, «Қароқчитол» ва «Қоровултепа» қишлоқларида аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи мавжудлиги, ичимлик суви тармоғи ва насослар таъмирга мухтожлиги маълум бўлиб, бу масалаларни кўтарган Т.Раҳмонов, У.Исоқов, Х.Саримсоқова, Х.Эрматовларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш чоралари белгиланди.
Шунингдек, туман марказидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг мурожаатига асосан канализация тармоқларини тозалаш ва маиший чиқиндиларни белгиланган вақтда ташиб кетишни йўлга қўйиш бўйича тегишли ташкилот раҳбарларининг масъулияти оширилди.
Сайёр қабул жараёнининг ўзида 5 нафар шахс ишга жойлаштирилди, 2 нафарига ногиронлик аравачаси, 1 нафарига эшитиш ускунаси берилди, 2 нафари даволанишга ётқизилди, яна 2 нафарига сиҳатгоҳга бепул йўлланмалар берилди.
«Жорий йилда хорижий тил ва адабиёти йўналиши бўйича олий ўқув юртини тамомлаган бўлсамда, ҳозирга қадар ишга жойлаша олмадим. Сайёр қабул давомида мурожаатим ижобий ҳал этилиб, мактабга ишга жойлашдим», — деди «Чуринди» қишлоғида яшовчи М.Алижонова.
«Бузилишга тушган савдо дўконим ўрнига туман ҳокимлиги томонидан ер майдони ажратилмагани ҳақида мурожаат қилдим. Мурожаатим тегишли ташкилот вакиллари иштирокида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди», — дейди Бағдод шаҳарчасида яшовчи Б.Мирзақулов.
Шу билан бирга, вилоят прокурори томонидан кам таъминланган оилаларнинг хонадонларига борилди.
Хусусан, фуқаро З.Усмонованинг хонадонига борилганда, оилада 4 нафар фуқаро истиқомат қилиши, ўзи ва қизи М.Убайдуллаева ишсизлиги, икки нафар фарзанди мактаб ўқувчиси эканлиги, оила З.Усмонованинг ёлланма меҳнати орқали кун кечираётганлиги, яшаш уйи 1959 йилда қурилган бўлиб, таъмирга мухтожлиги маълум бўлди.
Ўрганиш давомида, икки хонадондан иборат яшаш уйи қуриш масаласини кўриб чиқиш ҳақида мутасаддиларга кўрсатмалар берилиб, З.Усмонова ва қизи М.Убайдуллаеванинг ишга жойлаштирилиши таъминланди.
Бундан ташқари, Ф.Исоқованинг яшаш хонадони ўрганилганда, хонадонда 2 нафар фарзанди билан бирга яшаб келаётганлиги, Ф.Исоқова касаллиги, қизи Д.Исоқова ишсизлиги, ўғли I.Раҳимбердиев ногиронлиги маълум бўлди.
Ўрганиш давомида Ф.Исоқованинг яшаш уйини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ўзини ва фарзандини даволаш чора-тадбирлари белгиланиб, қизи Д.Исоқовага бепул тикув машинаси берилди.
Изоҳ (0)