28 август, чоршанба куни халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.
Унда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Кун тартибида белгиланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, вилоят иқтисоди асосан аграр соҳада бўлиб, ҳудудда енгил ва озиқ-овқат саноати ривожланмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулот 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,5 фоизни, шу жумладан, саноат 103 фоизни ташкил этган. Бюджет даромадлари прогнозга нисбатан 117 фоиз бўлиб, 1 триллион 57 миллиард сўмни ташкил этган, маҳаллий бюджетда қўшимча 152,5 миллиард қолдирилган.
Сессияда қайд этилганидек, вилоятда саноат ва қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш тармоқларини жадал ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини тараққий топтириш куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб турибди. Бу мақсадларга эришишда, аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур. Жумладан, бугунги кунда Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 14,5 мингга етиб, ўтган йилга нисбатан 2 мингдан зиёдга кўпайган. Вилоят аҳолисининг қарийб 235 минг нафари айнан кичик бизнес субъектларида банд эканлиги ҳам мазкур соҳанинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ўрни муҳим эканлигидан далолат беради.
Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида ўтказилган тадбиркорлик ривожи йўлидаги долзарб масалаларни ўрганиш жараёни, одамлар билан мулоқотлар, бу борада жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, ўтган олти ой давомида бор-йўғи фаолият юритмаётган 24 та кичик бизнес субъекти тикланган, холос. Бу эса ўз навбатида, шу каби корхоналарнинг муаммолари бўйича тизимли асосда ишланмаганлигини кўрсатади. Ярим йиллик давомида вилоят бўйича жами 184 та кичик бизнес субъекти тугатиб юборилган. Тадбиркорлик фаолиятини ташкилий қўллаб-қувватлаш ишлари самарали ташкил этилмагани оқибатида бугунги кунга қадар умумий қиймати 823,2 миллиард сўмлик 184 та лойиҳа ўз муддатида ишга туширилмаган.
Шунингдек, сессияда вилоятда фаолият юритувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди. Улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (хизматлар) рекламасига (ярмарка, кўргазма, тақдимот ва бошқалар) эътибор қаратилмаяпти. Савдо ва бошқа фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорлар вилоятнинг ўзида ишлаб чиқарилаётган кўплаб маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудлари, жумладан, Тошкент шаҳри ва водий вилоятларидан олиб келмоқда.
Шу билан бирга, вилоятда «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастурининг ижросини таъминлаш, айниқса, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар самарадорлиги ҳам пастлигича қолмоқда. 2019 йилга мўлжалланган мазкур дастур шу кунга қадар вилоятда бор-йўғи 15,2 фоизга бажарилган.
Мажлисда кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, банклар ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг лозим даражада йўлга қўйилмагани — тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо эканлигига алоҳида урғу берилди. Бу йўналишдаги камчиликлар оқибатида бугунги кунда вилоятда муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 244 миллиард сўмлик муаммоли қарздорликлар юзага келганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қарори қабул қилинди.
Изоҳ (0)