«Ўзгидромет» марказидан олинган маълумотларга кўра, сентябрь ойида ёғинлар жуда кам бўлиб, ой давомида ўртача 1-3 марта ёмғир ёғиши мумкин.
Уларнинг миқдори эса ўртача июль ва август ойларидагига қараганда салгина кўп — текисликда 2—6 мм, тоғли жойларда 10—20 мм гача етади.
Ойнинг биринчи ярмида кундузги ҳаво ҳарорати одатда 30—33 даража атрофида, ойнинг иккинчи ярмида эса, 26—29 даража атрофида иссиқ бўлади.
Сентябрда айрим кунлари термометр устунчаси 35—39 даражагача кўтарилади. Совуқ ҳаво оқимлари кириб, кундузги ҳарорат 22—25 даражагача тушиши мумкин.
Баъзан эса ундан ҳам паст бўладиган ҳолатлар камдан-кам кузатилади ва бундай совуқ даврлар қисқа муддатли бўлади.
Бироқ, бу йил сентябрь ойи бизни салқин ҳаво билан қарши олади. Август ойининг сўнгги кунларидан ҳарорат 27—32 даражагача пасаяди, кечаси 12—17 даражагача, кундузи 23—28 даражагача тушади. Бу одатдаги иқлимий меъёрлардан 4—6 даражага пастдир.
1 сентябрда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида, 2 сентябрда Фарғона водийсининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Об-ҳавонинг бундай ўзгаришлари Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳавонинг кириб келиши билан тушунтирилади.
Ҳарорат кечаси 12—17 даража, кундузи 25—30 даража бўлган нисбатан салқин об-ҳаво сентябрь ойининг биринчи ҳафтасида сақланиб туради.
Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечаси 12—17 даражадан 7—12 даражагача, кундузи 28—33 даражадан 21—26 даражагача ўзгариб туради. Айрим кунларда қисқа муддатли кучсиз ёмғир ёғиши мумкин.
Изоҳ (0)