Шавкат Мирзиёев раислигида 27 август куни давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда Президент Администрацияси, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раҳбарияти, шунингдек, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги иштирок этди.
Чегара қўшинлари фаолиятининг амалий натижалари кўриб чиқилди, давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини халқаро ва минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хатарларни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштиришнинг устувор вазифалари белгиланди.
Минтақа мамлакатларининг чегара идоралари йўналишидаги халқаро ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётгани, турли халқаро ташкилотлар билан биргаликда қўшма тадбирлар муваффақиятли ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшни давлатлар билан ўтказиш пунктлари очилгани, янги ҳаво, темир йўл ва автобус қатновлари йўлга қўйилгани фуқароларнинг ўзаро борди-келдисининг ортишига хизмат қилмоқда.
Чегараолди ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан хорижий шериклар билан эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда бажарилган ишлар танқидий баҳоланиб, давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан мутасадди тузилмалар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.
Изоҳ (0)