Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Бразилия президенти Жаир Болсонару мамлакат армиясига Амазония ўрмонларидаги ёнғинларни ўчиришда қатнашишга буйруқ берди. «Армиядаги хизмат давомида мен Амазонка ўрмонларини севишни ўрганганман ва уларни ҳимоя қилишда ёрдам беришни истайман», — деди Болсонару ўз телемурожаатида. Бир ойга мўлжалланган операцияга Бразилиянинг олти штатидаги 44 минг нафар ҳарбий хизматчини жалб этиш режалаштирилган. Зарурат туғилса, фармоннинг амал қилиши 24 сентябрдан кейин ҳам давом этади. Болсонарунинг ушбу қарори унинг аввалги — майдони бутун Европадан каттароқ ўрмонлардаги ёнғинларга қарши курашиш учун Бразилияда етарлича ресурс йўқлиги ҳақидаги баёнотларига мутлақо тескари. Амазонка ўрмонларининг 60 фоиз майдони Бразилияда, 13 фоизи Перуда, 10 фоизи Колумбияда, қолган қисми Жанубий Американинг қўшни мамлакатларида жойлашган.

Тропик ўрмонлардаги ёнғиндан кўтарилаётган тутун. Бразилия, Пара штати, 2019 йил 23 август.

Тропик ўрмонлардаги ёнғиндан кўтарилаётган тутун. Бразилия, Пара штати, 2019 йил 23 август.
Фото: LETA

Амазония ўрмонлари ОАВда кўпинча «сайёранинг ўпкаси» деб таърифланади, чунки, таъкидлашларича, фотосинтез жараёнида ушбу ўрмонлар сайёрадаги кислороднинг 20 фоизга яқинини ишлаб чиқаради — айни вақтда, қайд этиш жоиз, иқлим ўзгариши бўйича мутахассис Жонатан Фолининг таъкидлашича, амалда Амазония ўрмонлари сайёрадаги кислороднинг 5 фоизини ишлаб чиқаради, холос. Шунга қарамай, Фолининг сўзларига кўра, Ердаги биохилмахилликнинг ярмигача бўлган қисми тропик ўрмонларда, сезиларли даражада катта қисми эса айнан Амазонияда жойлашган, шу боис ёнғинлар билан боғлиқ хавфларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бу ўрмонлар атмосферадаги карбонат ангидрид газининг 25 фоизгача бўлган қисмини ютади, деб ҳисобланилади.

Экологларнинг ҳисоб-китобига кўра, йил бошидан бери ёнғинлар сони 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 82 фоизга ва сўнгги саккиз йилдаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан 35 фоизга кўпайган. Бунда гап бутун Бразилия ҳудудидаги 79,5 минг ва Амазонка ўрмонларидаги 40 мингга яқин ёнғин ҳақида кетмоқда; қолган ёнғинлар жануброқдаги саванналарда кузатилмоқда.

Бу рақам барибир 2000 йиллардаги кўрсаткичдан сезиларли паст — ўшанда ёнғинлар сони баъзан 120 мингдан ошиб кетарди. Шундай бўлса-да, ёнғинлар миқдори 2018 йилга нисбатан сезиларли кўпайгани, экологларнинг хавотирларига кўра, аввалги юқори кўрсаткичлардан сўнг ўрмон ёнғинларига қарши бошланган кураш самардорлигининг кескин пасайганлигидан дарак бўлиши мумкин. Қайд этиш жоиз, ўтган йилнинг шу даврида қайд этилган 43,5 мингта ёнғин 2013 йилдан бери кузатилган энг паст кўрсаткич бўлганди.

Кўплаб олимларнинг ишонч билан таъкидлашича, ўрмон ёнғинлари табиий сабабларга кўра юз берадиган бошқа баъзи экотизимлардан фарқли ўлароқ, Амазонка ўрмонларидаги ёнғинларнинг ягона сабаби — одамларнинг ҳаракатларидир. Бунда гап, энг аввало, ўрмонларнинг хўжалик мақсадларида ёқилишидир — оқибатда улар бошқариб бўлмайдиган ёнғинларга айланиб кетади. Американинг Vox нашри ёзишича, «Бразилиядагиларнинг кўпчилиги Амазония фалокати бу қадар катта кўламга чиқиб кетишида аниқ бир инсонни — Жаир Болсонаруни айблайди».

Болсонаруни «тропиклардан чиққан Трамп» деб аташади. У экология учун харажатларни қисқартириб, ННТларни ўт қўйишларда айбламоқда

Болсонару 2018 йил октябридаги президент сайловида ғалаба қозонган. Уни ўнг кайфиятдаги популистик нуқтаи назарлари сабаб «тропиклардан чиққан Трамп» деб аташади. Хусусан, у Америка президенти каби иқлим ўзгаришига қарши курашга шубҳа билан қарайди ва буни сўл лоббичиларнинг сиёсий ташвиқоти деб ҳисоблайди.

The New York Times’нинг ёзишича, Бразилия ҳукумати кўп йиллар давомида ушбу мамлакатнинг Амазония ўрмонлари, ўз-ўзидан, бутун сайёранинг ҳимоячиси деган имиджни яратишга уриниб келган. Атроф-муҳит муҳофазаси билан банд тузилмаларнинг бюджети оширилган, қўриқланадиган табиий ҳудудлардан хўжалик мақсадларида фойдаланганлик учун кўплаб жарималар жорий этилган. Бироқ 2014 йилдан сўнг Бразилия давомли иқтисодий инқироз ичида қолди ва Болсонару сайловолди ташвиқоти давомида иқтисодиётни, хусусан, ўрмонлар билан банд ерлардан фойдаланишни кучайтириш орқали жонлантиришга ваъда берди. У президентлик ваколатларини бажаришга киришган 2019 йилнинг январь ойида ўтган йилнинг шу давридаги нисбатан 39 фоиз кўпроқ ер ўрмонлардан тозаланди.

Июль ойида Бразилиянинг Космик тадқиқотлар миллий институти сунъий йўлдош орқали олинган суратларга асосланиб, ёнғинлар майдони 88 фоизга кўпайганини маълум қилди. Шундан сўнг Болсонару институт директорини ахборотдан «Бразилияга қарши ташвиқот» учун фойдаланишда айблаб, уни ишдан ҳайдади.

Ўтган ҳафта Бразилия президенти ўрмонларни ёқиб юборишда айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан ишсиз қолган ва энди уни ағдаришга уринаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлар айбдор бўлиши мумкинлигини таъкидлаб чиқди. Айни вақтда Болсонару бу борада унинг ўзида ҳеч қандай далил йўқлигини, фақат ички сезгиларига асосланиб фикр билдираётганини тан олди.

BBC News’нинг қайд этишича, ўрмон ёнғинлари сони кескин ўсиши билан бир вақтда мамлакатнинг янги ҳукумати табиатни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи идораларнинг харажатларини қарийб учдан бирига қисқартирди. Бу оммавий ёнғинларнинг олдини олишга халал берган омиллардан бири бўлиши мумкин. Шунингдек, BBC News 2019 йилда қўриқланадиган табиий ҳудудлардан хўжалик мақсадларида фойдаланганлик учун жарималар миқдори бирдан камайганига ҳам эътибор қаратган. Бошқа томондан, бразилиялик адвокат Марианжелика де Алмейданинг Британия ОАВига берган изоҳига кўра, аввалги йилларда амалдорлар орасида жарималар бўйича қўйилган режаларни бажариш учун ҳам ваколатни суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўп бўлган.

Ўз навбатида, Al Jazeera’нинг маҳаллий Folha do Progresso нашрига таяниб хабар беришича, ўрмон ёнғинларининг майдони биргина Пара штати фермерлари 10 август куни «олов куни»ни уюштирганидан сўнг кескин катталашган. Қайд этишларича, фермерлар шу йўл билан Болсонаруга «ишлашга тайёр эканликлари»ни намойиш этишни мақсад қилган.

Франция президенти Макрон «бизнинг умумий уйимиз ёняпти», деб айтди. Болсонару уни мустамлакачиликда айблади

Ўтган ҳафта Бразилиядаги ёнғинлар халқаро можарога сабаб бўлди. 22 август куни Франция президенти Эммануэль Макрон «бизнинг умумий уйимиз ёняпти» деб баёнот бериб, «Катта еттилик»нинг қолган аъзоларини юзага келган вазиятни муҳокама қилишга чақирди. Бунга жавобан Болсонару Франция президентини «мустамлакачиларга хос фикрлаш»да, шунингдек, ўз твитига 15 йил аввалги суратни илова қилиб, «сенсация ортидан қувиш»да айблади. Болсонару айнан шунда унинг мамлакатида ёнғинларни мустақил равишда бартараф этиш учун етарлича ресурслар йўқлигини айтган эди. Айни вақтда у «Бразилияга пул тикаётган мамлакатлар буни яхши ниятда эмас, балки унинг ички ишларига аралашиш мақсадида қилмоқда», деган фикрни ҳам билдирди.

Эртаси куни Франция президентининг вакиллари Болсонаруни июнь ойида Осакада бўлиб ўтган «Катта йигирмалик» саммити доирасида Макрон билан бўлган учрашув вақтида ёлғон гапирганликда айблаб чиқди. Бразилия агар Амазониядаги ўрмон ёнғинларини ўчиришга фаол киришмаса, Франция Европа Иттифоқи ва Меркосур мамлакатлари ўртасидаги умумий савдо битимининг қабул қилинишини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди. Ушбу шартнома сўнгги 20 йилдан бери тайёрланаётган эди. Франциянинг ушбу қарорини Ирландия маъқуллади, ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Финляндия эса Бразилия Амазонка ўрмонларини йўқ қилишни тўхтатмагунча ушбу мамлакатдан мол гўшти импортини вақтинча чеклашни таклиф қилди.

Макронни Европанинг бошқа етакчилари, жумладан, Германия канцлери Ангела Меркель ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам қўллаб-қувватлади — улар Бразилия ҳукуматини ёнғинларга қарши курашда етарлича жонбозлик кўрсатмаётганликда айблади. Айни вақтда улар битим имзоланишининг бекор қилинишига қарши чиқди.

Европа етакчиларининг чиқишларидан сўнг, Болсонару маъмурияти вакиллари яна хорижий мамлакатлар унга «Бразилияни қайта қуришга» халал бераётганликларини таъкидлаб чиққан бўлса-да, Бразилия президенти охир-оқибат ёнғинларни ўчириш учун нисбатан кенг кўламли чоралар кўришга қарор қилди.

Шунга қарамай, Болсонару ўрмонларни йўқ қилиш бўйича қатъий сиёсатидан воз кечишга рози бўладими-йўқми, ҳозирча бу савол очиқ қолмоқда. Бу унинг сайловолди ваъдаларининг тўғридан-тўғри бузилиши бўлур эди. Боз устига, бу Бразилияни тез фойда кўриш имкониятидан ҳам маҳрум қилиши мумкин. Жорий ўрмон ёнғинлари — Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо урушининг билвосита оқибатларидан бири. Хитой Америкадан соя сотиб олишни тўхтатиб, бразилиялик етказиб берувчилар билан ишлашни бошлаган. Ушбу эҳтиёжни қондириш учун эса ишлаб чиқарувчиларга янги-янги плантациялар керак. Ҳозирча плантациялар асосан собиқ саванналарга жойлаштирилмоқда, бироқ яқин келажакда фермерлар ушбу мақсад йўлида тропик ҳудудларни ҳам ўзлаштиришни бошлаб юборади. Ана унда ўрмонларни қайта тиклаш мутлақо имконсиз ишга айланади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
«Электр таъминотидаги узилишларга кўп дуч келдим» — Ўзбекистонга кўчиб ўтган IT-мутахассис таассуротлари
Маҳаллий
Шавкат Мирзиёев Володин бошчилигидаги Россия парламент делегациясини қабул қилди (фото)
Дунё
Саакашвилининг организмида маргимуш топилди — адвокат