Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

ФИФА кунларида юзага келадиган танаффусдан аввал кўплаб чемпионатларда навбатдаги тур учрашувлари ўтказилади. «Дарё» мазкур дам олиш кунларида бўлиб ўтадиган энг муҳим ўйинларга қисқача тўхталиб ўтади.

«Манчестер Юнайтед» — «Кристал Пэлас»

АПЛ, 3-тур

24 август, 19:00

Фото: Yandex Photos

Фото: Yandex Photos

Англия чемпионатини «Челси»га қарши ўйиндаги ажойиб ғалаба билан бошлаган «Манчестер Юнайтед» бугун ўз майдонида «Кристал Пэлас»ни қабул қилади. Ўтган турда «Манчестер Юнайтед» ўзи учун ноқулай рақиб ҳисобланган «Вулверҳэмптон» билан дуранг ўйнади. «Кристал Пэлас» дастлабки турда «Эвертон» билан дуранг ўйнаб, ўзи учун қониқарли натижа қайд этган бўлса, иккинчи турда лига дебютанти «Шеффилд Юнайтед»га имкониятни бой берди.

«Бургутлар» манкунианлар учун қулай рақиблардан бири ҳисобланади. Ушбу жамоалар АПЛ ташкил қилингандан шу кунга қадар 20 марта ўзаро тўқнаш келган бўлса, уларнинг 16 тасида «қизил иблислар»нинг қўли баланд келган ва тўртта ўйинда дуранг қайд этилган. Сўнгги бор «Пэлас» «Юнайтед»ни 1989 йилда мағлубиятга учратган, шундан кейин бирорта ҳам баҳсда лондонликлар муваффақият қозона олмаган.

Бунинг устига «Олд Траффорд» пойтахт жамоалари учун ўта омадсиз стадион ҳисобланади. АПЛ тарихидаги 152 та ўйинда Лондон клублари бор-йўғи 16 марта уйга уч очко билан қайтган.

«Ливерпуль» — «Арсенал»

АПЛ, 3-тур

24 август, 21:30

Фото: Yandex Photos

Фото: Yandex Photos

Англия чемпионати етакчилари иштирокидаги бу ўйин бутун дунё нигоҳида турибди десак адашмаган бўламиз. Энг кучли ҳужум чизиғига эга бўлган жамоалар иштирокидаги ўйин ҳақида аввалроқ батафсил тўхталиб ўтгандик.

«Шальке-04» — «Бавария»

Бундеслига, 2-тур

24 август, 21:30

Фото: Yandex Photos

Фото: Yandex Photos

Германия чемпионатининг иккинчи турида «Бавария» клуби Гелзенкирхенга сафар қилади. У ерда Нико Ковач шогирдларини «Шальке-04»га қарши баҳс кутиб турибди. Иккала жамоа ҳам мусобақани дуранг натижа билан бошлади. Унда қўлга киритилган 1 очко мезбонлар учун қониқарли натижа ҳисобланиши мумкин, бироқ мюнхенликлар учун кутилмаган ҳол бўлди.

Мазкур ўйинда «Бавария» янги «қуроллари»ни ишга солиши мумкин. Яқинда жамоага қўшилган Иван Перишич ва Филеппе Коутиньолар ушбу қарама-қаршиликда дебютларини нишонлаши мумкин.

Бу учрашув мюнхенликлар дарвозабони Мануэль Нойер учун ҳам принципиал аҳамиятга эга. «Шальке-04» таркибидаги посбон Александр Нюбел ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидан буён ажойиб ўйин кўрсатиб келмоқда. «Бавария» унга Нойернинг ўринбосари сифатида қарамоқда ва кейинги йили Нюбелни текинга қўлга киритмоқчи. «Шальке-04» эса ёш иқтидор эгасини таркибда сақлаб қолиш учун унга сардорлик боғичини тақдим этди.

«Реал» — «Вальядолид»

Ла Лига, 2-тур

24 август, 22:00

Фото: Yandex Photos

Фото: Yandex Photos

«Реал» янги мавсумдаги илк уй ўйинини «Вальядолид»га қарши ўтказади. «Бланкос» таркибдаги жиддий йўқотишларга қарамай мавсумни ажойиб тарзда бошлади. Зинедин Зидан шогирдлари Ла Лиганинг илк турида Вигода «Сельта»га имкон қолдирмади. Таъкидлаш жоиз, Лука Модричнинг четлатилишидан кейин жамоа яна иккита гол уришга муваффақ бўлди. Бунинг устига ёзда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган Гарет Бэйл учрашувнинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлди.

«Реал» собиқ ҳужумчиси Роналдога тегишли бўлган «Вальядолид» клуби 1-турда кутилмаган натижалардан бирини қайд этди. Жамоа Севильяга сафар қилиб «Бетис»ни мағлубиятга учратишга эришди.

Мазкур ўйин олдидан мадридликларда кадрлар муаммоси етарли даражада, Лука Модрич дискваликация туфайли ўйинни ўтказиб юборади. Шунингдек, Эден Азар, Браим Диас, Ферлан Менди, Родриго Гоэс ва Марко Асенсио жароҳат сабаб «Реал»га ёрдам бера олмайди.

«Реал»дан «Вальядолид»га ижара асосида йўл олган Андрей Лунин Мадриддаги ўйинда ўз жамоасига қарши майдонга тушиши мумкин. Тибо Куртуа ва Кейлор Навасга рақобат қила олмаслиги деярли аниқ бўлган украиналик дарвозабон етарли ўйин амалиётига эга бўлиш учун бошқа жамоа сафига йўл олганди.

«Фиорентина» — «Наполи»

А Серия, 1-тур

24 август, 23:45

Фото: Yandex Photos

Фото: Yandex Photos

Мазкур ҳафта Италия чемпионатига старт берилади. Илк турнинг марказий ўйини муҳташам Флоренсияда бўлиб ўтади. Мезбон «Фиорентина» клуби «Наполи»ни қабул қилади.

«Фиорентина» ҳар доим етакчиларга муносиб қаршилик кўрсатиб, юқори ўринлар учун курашадиган жамоа бўлган. Бироқ ўтган мавсум жамоада пасайиш юзага келди ва «бинафшаранглилар» турнир жадвалини 16-ўринда якунлади. Клуб мазкур трансфер ойнасида тажрибали ярим ҳимоячи Франк Рибери ўз сафига қўшиб олди. Гарчи бу ўйинда «Фиорентина» фаворит ҳисобланмасада фантастик мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши жамоага қўшимча мотивация бериши мумкин.

«Наполи» эса нафақат ушбу баҳснинг, балки, мусобақанинг фаворити ҳисобланади. Бу йил ҳам Карло Анчелотти шогирдлари «Ювентус»нинг гегемониясига чек қўйишга уриниб кўради. Неаполликлар шу ҳафтада Ирвинг Лосано трансферини эълон қилди ва жамоанинг ҳужум чизиғи яна бир тезкор футболчи билан бойитилди.

«Барселона» — «Бетис»

Ла Лига, 2-тур

25 август, 23:59

Фото: Yandex Photos

Фото: Yandex Photos

Мавсумни сенсацион натижа билан бошлаган «Барселона» бу турда «Камп Ноу»да «Бетис»ни меҳмон қилади. Лионель Мессисиз Бильбаога йўл олган жамоа 1-тур баҳсида «Атлетик»дан аламли мағлубиятни қабул қилиб олганди. Қизиғи, «Бетис» ҳам «Вальядолид»дан худди шундай «зарба»ни қабул қилиб олди. Ўтган учрашувдаги натижадан жазавада турган бу жамоалар ўртасидаги баҳс шубҳасиз турнинг энг муҳим ўйинига айланади.

«Барселона» таркибига Месси қайтди, бироқ унинг тўлиқ ҳаракат қила олиш имконияти жуда кам. Бунинг устига Усмон Дембеле ва Луис Суарес ҳам сафдан чиққан. Биринчи турдаги натижадан кейин танқидлар остида қолган Эрнесто Вальверде ҳозирда кучли босим остида турибди. «Бетис»нинг ўтган мавсум «Камп Ноу»даги (4:3 ҳисобида) ғалабаси кўпчилик футбол мухлисларининг ёдидан чиқмагани аниқ. Хуллас, мазкур ўйин якшанба оқшомининг ҳақиқий безагига айланиши табиий.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Самарқандда ўқувчининг онаси «замдиректор»ни калтаклади
Маҳаллий
Ўзбекистонда ногиронлиги бор инсонлар учун шароит қандай? — «Дарё»да кичик сўровнома
Спорт
Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси футболчиларига Cobalt автомобиллари топширилди