Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган очиқ суд мажлисида жазони ўташ муассасасида жазо ўтаётган 11 нафар аёлнинг назорат тартибида берган шикоят аризаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
«Президент Шавкат Мирзиёевнинг ‘Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор — бу аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир’ деган ғояси асосида мамлакатда бугун хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш, бир сўз билан айтганда, мунис ва мўътабар опа-сингилларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, давлат раҳбарининг инсонпарварлик ва бағрикенгликка йўғрилган адолатли сиёсати туфайли турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган аёлларга енгиллик берилмоқда. Улар жазодан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи, фарзандлари бағрига қайтарилмоқда», — дейилади хабарда.
Бу эзгу ишларни амалга оширишда 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган меморандум ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Мазкур меморандум доирасида жорий йилнинг ўтган олти ойида жазони ўташ муассасаларида жазо ўтаётган 227 нафар аёлнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 51 нафар аёл жазони ўташдан шартли озод қилинди, 131 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Мамлакат сарҳадлари бўйлаб энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллик айёми нафаси кезиб юрган шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган очиқ суд мажлисида жазони ўташ муассасасида жазо ўтаётган 11 нафар аёлнинг назорат тартибида берган шикоят аризаси кўриб чиқилди, дейилади хабарда.
Олий суд раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров раислигида ўтган очиқ суд мажлисларида ҳар бир аёлнинг назорат тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил кўриб чиқилди. Маҳкумларнинг жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзининг ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.
Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг кафолати хати инобатга олиниб, 10 нафар аёл жазодан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди.
Бир нафар маҳкума аёлнинг жазо муддати қисқартирилди.
«Қувончимни сўз билан ифодалаб беролмайман. 6 нафар фарзандим бор. Жазони ўташ даври фарзандларим, оилам соғинчи жон-жонимдан ўтди. Қилмишимга минг марта пушаймон бўлдим. Қайта бундай қилмишга қўл урмайман деб ўз-ўзимга сўз бердим. Мен каби тўғри йўлдан адашган аёлларга бағрикенглик кўрсатиб, озодликка чиқиш имконини бергани учун Президентдан чексиз миннатдорман. Насиб бўлса, энди умримни фақат эзгу ишларга, фарзандларим тарбиясига бағишлайман. Президентимизнинг ишончу эътиборини ҳалол меҳнатим билан оқлайман», — дейди Гулбаҳор Ёқубова.
Изоҳ (0)