«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан автобусларга видеокузатув камералари ўрнатилиши бошланди, деб хабар беради компания матбуот хизмати.
Дастлабки кузатув камералари «2-Автобус саройи» МЧЖ тасарруфидаги 5 та №24 йўналиш автобусига ўрнатилди.
Видеокузатувдан кўзланган асосий мақсад йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, дейилади хабарда.
Жамоат транспорти мониторинги қуйидаги долзарб вазиятларни ҳал этишда ёрдам беради:
• Жиноят ва террорчилик ҳаракатларининг олдини олиш;
• Жамоат транспортини бошқаришга масъул шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини аниқлаш;
• Фуқаролар ҳаёти ва мулкини жиноий омиллар таъсиридан ҳимоя қилиш;
«Шу билан бирга видеокузатув тизимининг асосий вазифаларидан бири йўл-ҳаракати хавфсизлиги сифатини яхшилашдир. Видеокузатувдан фойдаланиш шубҳали буюмлар, шубҳали шахслар, автобус жиҳозларига зарар етказиш ҳолатлари, йўловчилар қатнови ҳисобини юритиш, автоҳалокат ҳодисаларида мунозарали ҳолатларга аниқлик киритиш ва айбдор шахсларни аниқлаш (кўп ҳолларда автобус ҳайдовчисининг айбсизлигини исботлаш) ва ҳоказо ҳолатларни аниқлаш учун хизмат қилади», — дейилади хабарда.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ йил охиригача барча йўналишлар автобусларида видеокузатув камераларини ўрнатишни режалаштирган.
Изоҳ (0)