Пойтахтнинг Чилонзор туманида кекса ёшли аёл яшаш жойини ва дарахтларни ҳимоя қилиш учун хусусий компания вакили билан жанжаллашиши оқибатида ҳушидан кетди. Бу ҳақда журналист Никита Макаренко ўз Telegram-каналида маълум қилди.
«Бугун, 13 август куни олинган бу суратда Ekskavator Exclusive компанияси вакилининг бақир-чақирига учраган аёл ерда ётибди. У ва бошқалар компания дарахтларни кесиб, уларнинг уйлари яқинида бино қуришига норозилик билдирган эди. Воқеа жойида бўлган ҳокимият вакиллари низони ҳал қилиш учун ҳеч нарса қилгани йўқ. Компания кўплаб дарахтларни кесиб ташлаган. Воқеа Чилонзор-17 даҳасида, 39—40-уйлар олдида юз берган», — деб ёзади Макаренко.
Шунингдек, каналда эълон қилинган яна бир видеода бир гуруҳ аёлларнинг қурилиш компанияси вакиллари билан бақир-чақири акс этган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказганди.
Йиғилишда давлат раҳбари жойлардаги «снослар» масаласига алоҳида тўхталган.
«Қош қўяман деб кўз чиқардиларинг, бутун дунёга шарманда қилдиларинг. Қўлингдан келмаса нима қиласан бузиб? Бузишдан олдин ўзингни каллангни буз! Ёки мен сенларга шундай топшириқ бердимми? Одамларни рози қилиб, лойиҳа қилиб, Бош вазирга ҳисобот бериб, кейин амалга оширларинг деганман», — дея куйинган Президент.
Изоҳ (0)