Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги ташкилот раҳбарлари ва ходимлари 3 август, шанба куни, соат 6:00 да М39 автомобиль йўли бўйлаб бегона ўтлардан тозалаш, гул экиш ва суғориш ишлари учун мажбурий сафарбар этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мутасаддиларининг «Дарё»га маълум қилишича, вилоятдаги айрим корхона ва ташкилотлари томонидан ишчи-ходимларининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун бўш турган ер майдонларида экин экиб олиш тўғрисида билдирган ташаббуси қўллаб-қувватланиб, М-39 автомобиль йўлининг Термиз шаҳридан ўтувчи қисми ёқаларидан уларга ер майдонлари ажратиб берилган. Шунга мувофиқ, корхона ва ташкилотлар ходимлари ихтиёрийлик асосида ушбу ҳудудда рўзғорбоп экинлар экиб, ердан унумли фойдаланиб келмоқда.
Термизнинг айни иссиқ об-ҳаво шароити экинларни тез-тез суғориш, экин майдонларини бегона ўтлардан тозалаб, тартибга келтириб туришни тақозо қилади. Шу нуқтаи назардан, алоқадор ташкилотлар раҳбарларига ўз ҳудудида бу ишларни Қурбон ҳайити арафасида кечиктирмасдан ташкил этиш таклифи берилган. Улар мажбурий тарзда меҳнатга жалб этилмаган.
Қолаверса, М-39 автомобиль йўлининг ушбу қисми ёқасида Ат-Термизий мақбараси ҳам жойлашган бўлиб, вилоят ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ҳамда хорижий давлатлардан бу ерга ҳар куни юзлаб зиёратчи ва сайёҳлар келади. Шу сабабли табаррук қадамжо атрофи ва унга олиб борувчи йўлларни обод, озода ва кўркам сақлашдек хайрли ишга ихтиёрийлик асосида ҳисса қўшиш сурхондарёликларнинг ниятлари, саъй-ҳаракатлари билан уйғунлашиб кетган.
«Сурхондарё вилояти ҳокимлиги бундан кейин ҳам фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаган ҳолда воҳада ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўймайди», — дейилади хабарда.