1—6 август кунлари Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида ўтказилган Халқаро математика мусобақасида (IMC—2019) Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 14 та медал ва 2 та фахрий ёрлиқни қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Жумладан, Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги 1-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси Анваржон Раҳматов мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди. Пешку туманидаги 18-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев кумуш медал, Қоракўл туманидаги 1-ИДУМИнинг 9-синф ўқувчиси Олимжон Олимов, Китоб туманидаги 1-ИДУМИнинг 10-синф ўқувчиси Элдор Нейматов, Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги 1-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси Тўймурод Қодиров, Урганч шаҳридаги 6-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси Бекзод Мақсудов бронза медал билан тақдирланди.
Шу билан бирга жамоавий масала ечиш мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақада 41 та давлатдан таълим тизими умумеътироф этилган Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Гонконг, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Руминия, Болгария ва бошқа давлатлардан 500 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар математиканинг комбинаторика, сонлар назарияси, геометрия бўлимларига оид мураккаб ва ностандарт масалаларни ечишда беллашган.
Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан 2014 йилдан буён ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро математика мусобақасида иштирок эта бошлади. Ўзбекистон ўқувчилари 2014 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар 3 та олтин, 7 та кумуш, 4 та бронза медални қўлга киритган.
Изоҳ (0)