Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида Халқаро инвестиция форуми бошланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Унда Жанубий Корея, Хитой, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Эрон, Россия, Туркия, Беларусь каби 30 га яқин давлатнинг мамлакатда фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган 300 дан ортиқ ишбилармони, 12 та мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Фаррух Раҳимов иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга хорижий сармояларнинг кириб келиши фаоллашгани, Фарғона вилоятида ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,9 маротабага ортганини қайд этди.
Айни пайтда хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар вакиллари вилоятдаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд салоҳият, имкониятлар билан таништирилмоқда.
Икки кун давом этадиган форум давомида иштирокчилар эътиборига «Фарғонада ишлаб чиқарилган» номи остида вилоятда тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, инвестиция лойиҳалари ва фойдаланилмаётган саноат бинолари тақдимоти бўлиб ўтади.
Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф ташкил этилиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имкони яратилади.
Форум давомида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари билан биргаликда вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кўзда тутадиган 100 дан ортиқ келишувларнинг имзоланиши кутилмоқда.
Форум давом этмоқда.
Изоҳ (0)