10—11 август кунлари Тошкент шаҳрида Шодиев Халқаро фонди томонидан ташкил этилаётган Интеллектуал ўйинлар бўйича «III Евросиё кубоги» бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Фестиваль доирасида таниқли «Нима? Қаерда? Қачон?» («Что? Где? Когда?») ўйинининг спорт талқини бўйича беллашув, «Своя игра» индивидуал мусобақаси ва оммалашиб бораётган «Ҳамса» жамоавий викторинаси ўтказилади.
Мазкур кенг кўламли тадбир Ўзбекистонда илк маротаба ташкил этилмоқда. Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистон аҳолиси орасида интеллектуал ўйинларни оммалаштиришдан иборат.
Мусобақа доирасида Тошкентга Максим Поташёв («Нима? Қаерда? Қачон?» телевизион клубининг магистри), Александр Рубин («Биллур укки» совринининг икки карра соҳиби, «Нима? Қаерда? Қачон?» Халқаро клублар ассоциацияси вице-президенти), Александр Коробейников («Нима? Қаерда? Қачон?» ўйини бўйича жаҳон чемпиони) каби кўплаб дунёнинг таниқли билимдонлари келади. Улар ўзбекистонлик билимдонлар билан ўйиндаги тажрибаларини ўртоқлашади ва интеллектуал ўйинларнинг ҳар бир инсон ҳаётида тутган ўрни ҳамда фойдали жиҳатлари ҳақида маълумотлар беради.
Шунингдек, мусобақада «ақлли» ўйинларнинг ёш ихлосмандлари профессионал билимдонлар билан танишиш ва маҳорат дарсларида иштирок этиш имконига эга бўлади. Тадбирда Ўзбекистон жамоалари билан бир қаторда дунёнинг турли бурчаклари, жумладан, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Германия, Латвия ва бошқа давлатларнинг жамоалари иштирок этиши кутилмоқда. Жорий йилда 25 та кучли жамоа биринчилик учун ўзаро беллашади. Турнир якунида Интеллектуал ўйинлар бўйича Бакуда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этишимкониятини қўлга киритадиган минтақанинг энг кучли билимдонлари аниқланади.
«Нима? Қаерда? Қачон?»нинг спорт талқини телевизион ўйиндан бироз фарқ қилади: унда бир вақтнинг ўзида бир неча жамоалар биргаликда ўйнайди, жавоблар эса ёзма шаклда топширилади. Турнир доирасида билимдонларга 72 та савол йўлланади ва энг кўп тўғри жавоб топган жамоа ғолибга айланади.
Турнир ташкилотчиси Шодиев Халқаро фонди — нодавлат хайрия ташкилоти бўлиб, унга Ўзбекистонда таваллуд топган Фаттоҳ Шодиев томонидан 1996 йилда асос солинган. Фонд фаолияти ёшларнинг ҳаётини янада яхши томонга ўзгартириш, ўсиб келаётган ёш авлодга ўз салоҳиятини намоён этишда кўмаклашиш ва уларнинг болалигини янада ёрқинроқ, бахтиёр қилишга қаратилган.
Даставвал, талабаларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган фонд ўтган 23 йил ичида Евросиёда илм-фан, санъат, таълим, инновация ва хайрия фаолиятини ривожлантириш ҳамда тарғиб қилишга йўналтирилган чинакам халқаро марказга айланди. Жорий йилда ҳам фонд ўзбекистонлик билимдонлар лигаси — «Ўз-лига» учун бутун дунёдан меҳмонларни қарши олишдек шарафни тақдим этувчи мана шундай кенг кўламдаги интеллектуал тадбир ташкил этмоқда. Ўзбекистонлик жамоаларга ўз ватанида дунёнинг таниқли билимдонлари билан биргаликда ажойиб турнирда иштирок этиш имконияти берилади.
Бу каби тадбирлар нафақат Ўзбекистоннинг интеллектуал ҳаракатини ривожлантиришга, балки саводхонликни оширувчи ўйинларни дам олишнинг бир шакли сифатида янада кенг оммалаштиришга ҳам имкон беради.
Турнирга ташриф буюришни истаганлар севимли жамоаларини қўллаб-қувватлаши ёки машҳур билимдонлар билан танишишлари ва Интеллектуал ўйинлар бўйича «III Евросиё кубоги» жараёнини бевосита жонли кузатиши мумкин.
10 август куни соат 10:00 да иштирокчилар ҳамда меҳмонларни рўйхатдан ўтказиш якунланади ва турнирнинг тантанали очилиш маросими бошланади. Тадбир Тошкентдаги Wyndham Hotel Tashkent меҳмонхонасида икки кун — 10—11 август кунлари ўтказилади.
Маълумот учун, фонд асосчиси Фаттоҳ Шодиев 1953 йил 15 апрелда Жиззах шаҳрида таваллуд топган бўлиб, Москва Давлат халқаро муносабатлар институтини (МГИМО) халқаро ҳуқуқ мутахассислиги бўйича имтиёзли тамомлаган. Фаттоҳ Шодиев сиёсий фанлар номзоди, Қозоғистон республикаси Табиий фанлар академияси аъзоси, шунингдек, Япония тарихи, иқтисодиёти ва сиёсати бўйича 30 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи ҳисобланади.
Фаттоҳ Шодиев кўмаги остида «I Евросиё кубоги» 2015 йил Олмаота шаҳри ва «II Евросиё кубоги» 2016 йил Остона (ҳозирги Нур-султон) шаҳрида, шунингдек, «Нима? Қачон? Қаерда?» бўйича Жаҳон чемпионати 2017 йил Остона шаҳрида ўтказилган.
Изоҳ (0)