Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШдаги отишмалар юзасидан ахборот берди.
АҚШнинг қатор йирик шаҳарларида тинч аҳолини бир қанча оммавий ўққа тутиш ҳолатлари юз берди.
2019 йилнинг 3 август куни Техас штатининг Эл-Пасо шаҳрида Walmart супермаркетида отишма содир бўлди. ОАВ маълумотларига кўра, 20 киши қуролли ҳужум қурбонига айланган, яна 26 киши жароҳатланган, 21 ёшли гумондор Патрик Крузиус ҳибсга олинган. Жиноятнинг сабаблари аниқлаштирилмоқда.
4 августга ўтар кечаси Огайо штати Дейтон шаҳрида ҳам отишма юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, 10 киши, жумладан, ҳужумчининг ўзи ҳам вафот этган. 27 киши жабрланган.
Шунингдек, отишма ҳолати Иллинойс штати Чикаго шаҳрида ҳам қайд этилди. Fox News хабарига кўра, 4 август куни маҳаллий вақт билан соат 1:30 да жиноятчи Чикаго ғарбидаги паркда машинадан оломонга қарата ўқ узган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 7 киши турли даражада жароҳат олган.
5 август ҳолатига кўра, Техас ва Огайо штатларида, шунингдек, Чикаго шаҳрида содир бўлган фожиали воқеалар қурбонлари рўйхатларида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.
Изоҳ (0)