Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги «Шойзоқ ота» фермер хўжалигида 25 гектар майдонда «Порлоқ-4» ғўза навида биостимуляторлар, биоўғитлар ва ҳимоя воситалари орқали «Персоналлаштирилган» қишлоқ хўжалигини қўллаш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га марказ матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Геномика ва биоинформатика маркази

Ушбу лойиҳа доирасида «Порлоқ-4» ғўза нави уруғлик чигитлари ўсиш ва ривожланишни тезлатувчи биоперепаратлар билан қайта ишланиб экилди. Дастлабки кузатувларга кўра, биоперепаратлар билан ишлов берилган дала майдонларида кўчатларнинг ўсиш ва ривожланиши ҳамда ҳосилга кириши жадаллашган.

Ҳозирда кузатув тадқиқот ишлари давом эттирилиб, келгусида юқори ҳосил олиш кутилмоқда. Геномика ва биоинформатика маркази олимлари бошқа қишлоқ хўжалиги экин турларига ҳам «Персоналлаштирилган» қишлоқ хўжалигини татбиқ этиб, ҳосилдорликни оширишни мақсад қилган.

Мана шундай тадқиқотлар — генларнинг имкониятларини очиш ва қишлоқ хўжалигини персоналлаштириш натижалари бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. «Порлоқ» туркумидаги «Порлоқ-1» нави Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида ва Наманган вилоятининг Поп туманида, «Порлоқ-3» Наманган вилоятида ҳамда «Порлоқ-4» нави Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида етиштирилмоқда. Айни кунларда мана шу навлар экилган майдонларда ғўза кўсакларининг очилганини кузатиш мумкин.

Фото: Геномика ва биоинформатика маркази

«Порлоқ» туркумидаги пахта навлари қурғоқчиликка, шўрланган тупроқ шароитига чидамлилиги билан бир қаторда толаси узунлиги, сифатлилиги билан ажралиб туради. Бундай узун толали пахта навлари авваллари фақат Мисрда бўлган, лекин Миср ғўза навини етиштириш учун 270 кун керак бўлади. «Порлоқ» туркумидаги навлар эса генетик жиҳатдан шундай ўзгартирилганки, у экилганидан сўнг 90-100 кун ичида очилади.

Бу маҳаллий олимлар томонидан яратилган навни буғдойдан бўшаган ерларга ҳам экиш имконини беради. Худди шундай тажриба ўтган йили Навоий вилоятида амалга оширилганди. Буғдойдан бўшаган ер майдонига экилган пахта октябрда очилган эди.