4 август куни тунги соат 23:09 да пойтахтнинг Чилонзор тумани Арнасой кўчасидаги 7-уйда жойлашган «Баркач» ресторанида ёнғин содир бўлди, деб ёзади ЎзА.
Ёнғин қисқа вақт ичида бинонинг шифти, қўшимча ва генератор хонасини қамраб олди. Ёнғиннинг умумий майдони 40 квадрат метрни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси ФВВдан олинган маълумотларга кўра, ўт ўчирувчилар ёнғин юз берган жойга 23:14 да етиб келган. Ёнғинни ўчиришга тўртта махсус автомашина жалб қилинган. Ўт ўчирувчиларнинг тезкор ва ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли олти дақиқа ичида ёнғин бутунлай бартараф этилди. Шу тариқа рестораннинг 2000 квадрат метр майдонни эгаллаган бошқа қисмларига ёнғин тарқалишининг олди олинди.
Ёнғин чиқишининг тахмин қилинаётган сабаби электр тармоқларидаги қисқа туташувдир. Моддий зарар аниқланмоқда. Ёнғин натижасида жабрланганлар ва қурбонлар қайд этилмаган.
Изоҳ (0)