Бугун, 2 август куни «Чирчиқ» полигонида хориждан харид қилинган энг сўнгги русумдаги ҳарбий техникаларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га хабар берди.
Мазкур жанговар машиналарнинг ўзига хослиги унинг барча қисмлари автоматлаштирилганида. Шунингдек, у юқори тезликда ҳаракатланади, манёврчан, сиғими кенг.
Уларни ўзлари бириктирилган механик-ҳайдовчиларга топшириш тантаналарида Мудофаа вазирининг қуролланиш ва қурол-аслаҳа бўйича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Эрматов иштирок этди.
Сўзга чиққанлар ҳарбий хизматчиларга билдирилаётган юксак ишонч, яратилаётган имкониятлар ва шунга муносиблик ҳисси тўғрисида тўхталди. Янги жанговар машиналар ҳам мамлакатдаги осойишталикни мустаҳкамлашга, жанговар қудратни янада оширишга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.
«Эждер Ялчин» жанговар машиналари бириктирилган механик-ҳайдовчилар бундайин масъулиятдан мамнун. Айниқса, узоқ йиллардан буён хизмат қилаётган Ватан ҳимоячиларининг ҳаяжони айрича, дейилади хабарда.
Ҳарбий оркестр садолари остида жанговар машиналарни қабул қилиб олиш, механик-ҳайдовчиларга бириктириш тантаналари росмана байрам тусида ўтди.
Таъкидлаш керакки, 2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасида қўшинларни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ҳамда мустақил мудофаа-саноат мажмуасини яратиш кўзда тутилган эди.
Изоҳ (0)