Айни кунларда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида фуқаролар йиғинларида маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш масалаларига бағишлаб маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилмоқда. Бу ҳақда ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари таҳлил ва мувофиқлаштириш бўлинмалари ходимлари учун ўтказилаётган малака ошириш сайёр ўқув йиғинларида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, машғулотлар мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан ички ишлар идоралари фаолиятидаги илғор тажрибалар билан таништирилмоқда.
«Соҳага оид нарматив-ҳуқуқий хужжатлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун ва қарорларнинг мазмун моҳияти билан яқиндан танишяпмиз», — дейди Қарши шаҳар 4-сонли ИИБ Жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили, катта лейтенант Саодат Ҳақбердиева.
«Маълумки, бугунги кунда шиддат билан ривожланиб бораётган замонда жиноятларни содир этишнинг ҳам ўзига хос усуллари пайдо бўлмоқдаки, бу эса соҳа ходимларининг малака ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб боришни даврни ўзи талаб этмоқда. Институт профессор-ўқитувчилари мавзуларни интерфаол усулларда тушунтириб бермоқда», — дейди у.
Машғулотлардан сўнг Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда аҳоли ўртасида «Жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз» мавзусида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Шу пайтга қадар Қарши шаҳридаги «Пахтазор», «Қарши», «Кат», «Темирйўлчи», «Янги турмуш», Ғафур Ғулом номли, Қарши туманидаги «Мирмирон», «Ертепа», «Мевазор», Нишон туманидаги «Пахтазор», «Пахтаобод», Урганч туманидаги «Туркманлар», Хонқа туманидаги «Гулғунча», Ғайрат номли маҳаллаларда ўтказилган маърифий тадбирларда мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, унинг барқарорлигига ҳисса қўшиш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, «ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудуд»га айлантириш каби мавзулар ҳақида сўз юритилди.
«Бугунги кунда шиддат билан ривожланиб бораётган давр талабларидан келиб чиқиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолият мазмуни ҳам ўзгариб бормоқда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими яратилди. Айни пайтда, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш энг долзарб вазифага айланди. Эътироф этиш керакки, ҳуқуқбузарликларнинг бир қисми доимий иш билан таъминланмаган шахслар томонидан содир этилмоқда. Бундай шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олишда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади», — дейди Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов.
«Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилаётган ушбу маънавий-маърифий учрашувлар албатта ўз самарасини беради. Бундай тадбирлар ёшларнинг, айниқса уюшмаган ёшларнинг касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шарт-шароитларни яратишга, бандлигини таъминлашга, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга кўмаклашишига айни пайтда, улар ўртасида жиноят содир этишга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Қарши шаҳар «Ойдин» маҳалласида яшовчи Зокир Султонов.
Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган, якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг, ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш ҳам амалга оширилмоқда.
«Бу йил 75 ёшга тўлдим. Хонадонимга вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши аъзолари мунтазам келиб туради. Соғлигим ёмонлашиб, бир оёғимдан айрилиб ногирон бўлиб қолдим. Адабиётни, санъатни яхши кўраман. Шу билан ўзимни чалғитаман. Бугун эса пойтахтимиздан бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари уйимга кириб келганидан ҳам бошим осмонга етди. Ўзим узоқ йиллар Қашқадарё вилояти ички ишлар органларида турли лавозимларда самарали меҳнат қилганман. Биз каби фахрийларнинг холидан хабар олаётганликлари учун Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ва Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларига самимий миннатдорчиликгимни билдираман, — дейди Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи, ички ишлар фахрийси, истеъфодаги подполковник Очил Ражабов.
«Биз оилада 2 нафар қиз бўлганмиз, ота-онамиз эрта вафот этган, опам Гулназем турмушга чиқмаган. Ўзим 18 ёшимда турмушга чиқиб, бир қизли бўлганидан кейин турмуш ўртоғим билан келиша олмай ажрашганман, 2012 йил қизимни узатганимдан кейин опам билан икковимиз яшамоқдамиз. Охирги йилларда оиламиз жуда қийналиб қолган эди, уйимизнинг томидан куз-қиш мавсумида чакки ўтар эди. Маҳалламиз раиси бошчилигида фаоллар, қўни-қўшниларимиз бу йил уйимизнинг томини янгидан ёпиб берди. Бугун уй юмушлари билан шуғулланаётганимизда, хонадонимизга ички ишлар органлари ходимлари кириб келганини кўриб, жуда хурсанд бўлдик. Уларнинг юрт тинчлигини сақлашда олиб бораётган хизматларига зафарлар тилайман», — дейди Урганч тумани «Туркманлар» маҳалласида яшовчи Дурдипошша Қурбонсаидова.
Шунингдек, Институт ходимлари томонидан Қарши тумани Мирмирон маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Асрор Сулаймонов, Хонқа тумани «Ғайрат» маҳалласида яшовчи, кам таъминланган оила Хамро Олимов, Урганч тумани «Туркманлар» маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Зулфия Тожибоеваларнинг ҳам холидан хабар олинди.
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда соҳа ходимларининг малакасини ошириш бўйича сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда кам таъминланган оилалар, якка ёлғизлар, ногирон фуқаролар ҳолидан хабар олиш каби ишлар жойларда давом этмоқда.
Изоҳ (0)