Марказий ҳарбий округига қарашли Ўзбекистондаги биринчи рақамли «Каттақўрғон» полигонида 12 мутахассислик бўйича мусобақа ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Биринчи маротаба Мудофаа вазирининг ташаббуси билан «Мен ғолиб» шиори остида ўтказилаётган 12 мутахассислик бўйича мусобақанинг ети йўналиши айнан артиллерия бўлинмаларига тегишли.
Жумладан, ҳарбий хизматлар якка ва жамоа тарзда «Энг илғор пулемётчи», «Энг илғор мерган», «Энг илғор гранатомётчи», «Энг илғор АГС ҳисоби ва СПГ-9 ҳисоби», «Энг илғор муҳандис қўшинлари мутахассиси», «Энг илғор артиллерия мутахассиси», «Энг илғор орудия (ЗОРҚ, миномёт) ҳисоби», «Қуруқликдаги қўшинларни ҲҲМ қилиш қўшинлари энг илғор мутахассиси» ва «Қуруқликдаги қўшинларни ҲҲМ қилиш қўшинлари энг илғор ҳисоби», «Энг илғор радиацион, кимёвий, биологик разведка мутахассиси», «Энг илғор махсус ишлов бериш мутахассиси», «Энг илғор мутахассис огнемётчи», «Энг илғор радиацион, кимёвий, биологик разведка ҳисоби» ҳамда «Энг илғор махсус ишлов бериш ҳисоби» каби йўналишларда фаол иштирок этди.
Кеча, 29 июль кунидаги Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган видеоселекторда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов томонидан Ўзбекистонда ягона артиллерия ва авиация машғулотлари ўтказиладиган «Каттақўрғон» полигонидаги мутахассисликлар бўйича мусобақанинг округ босқичи якунлари ҳақидаги маърузаси тингланди.
Изоҳ (0)