25 июль куни Олий Мажлис Сенатида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати маълумотларига таяниб ЎзА хабар қилади.
Унда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 2019 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши белгиланган мақсадли вазифаларни бажариш юзасидан ҳисоботи эшитилди. Мажлисда Қўмита аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
2019 йил давомида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги зиммасига 28 та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, шундан 8 таси жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бажарилиши керак бўлган.
Тақдим этилган маълумотлар ўрганилганда 8 та топшириқдан бор-йўғи 1 таси бажарилгани аниқланган. Хусусан, Бухоро ва Тошкент вилоятларининг 8 та қозонхона ва 6,79 км иссиқлик тармоқларини фойдаланишга топшириш вазифаси бажарилмаган, замонавий ичимлик суви ўлчаш асбоблари ва ускуналарини харид қилиш учун молиялаштириш манбалари бугунги кунга қадар аниқланмаган, мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий ва техник хатловдан ўтказилмаган ҳамда «Иссиқлик таъминоти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жорий санага қадар ишлаб чиқилмаган. Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларининг сув таъминоти ва канализация иншоотларини бошқарувга бериш бўйича танлов ўтказилмаганлиги ҳақида маълумотлар келтириб ўтилди.
Шунингдек, мажлисда вазирлик томонидан 2019 йил давомида амалга оширилиши кўзда тутилган 12 та вазифанинг ҳам ижроси суст даражада эканлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда Қўмита аъзолари томонидан мамлакатда аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги мавжуд муаммоларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди ва дастурлар ижросини кенг миқёсда бажариш, соҳани ривожлантириш бўйича барча зарур чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди. Бу борада аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Изоҳ (0)