Буюк Британия пойтахтида дунё мода саноатининг энг йирик тадбирларидан бири — Pure London кўргазмаси бўлиб ўтди. Ундан Ўзбекистон стенди ҳам муносиб ўрин эгаллади, деб хабар берди «Халқ сўзи Online».
Made in Uzbekistan бренди остида «Истиқлол текстиль дизайн», Vakkoni Collection ва JV Textile Tashkent Mill корхоналари ўзларининг тўқимачилик маҳсулотларини тақдим этди. Ўзбекистон делегацияси таркибидан «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари ҳам жой олгани эътиборга лойиқ.
Таъкидлаш жоиз, Pure London Буюк Британияда урфда бўлган либосларнинг чакана савдоси соҳасидаги энг йирик форумдир. Унда бу сафар ўрта ва олий даражадаги 700 дан ортиқ бренд ҳамда дизайнерлардан тўқимачилик маҳсулотлари, аксессуарлар, қолаверса, тайёр кийим-кечаклар коллекцияси намойиш этилди. Мазкур кўргазма йилига икки марта ташкил қилинади.
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўз иштироки доирасида Британия ва Европа бизнес вакиллари билан бир қатор самарали учрашувлар ҳам ўтказишди.
Жумладан, мезбон давлатдаги Burrows&Hare компанияси директори Султон Ансорий билан Туманли албион бозорига Ўзбекистондан илк эркаклар костюмларини етказиб бериш бўйича битим имзоланди.
Agha Establishments International минтақавий директори Али Ага эса мамлакатда тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, Ўзбекистонда тайёрланган матодан эркаклар кийим-кечакларини ишлаб чиқариш, сўнгра уни Буюк Британияга экспорт қилишни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганиб чиқишга қизиқиш билдирди.
Henze Projects компанияси директори Габи Хенсе билан эса жорий йил сентябр ойида Primark, Mos Bross, Sport Direct, Mark&Spencer каби машҳур британ брендлари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштиришга келишиб олинди. Зеро, улар мамлакатга маҳаллий шериклар билан тўғридан тўғри ҳамкорлик ҳамда Буюк Британия ва ЕИ давлатлари бозорларига ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспортини йўлга қўйишни мақсад қилган.
Police Lifestyle компаниясининг дизайн бўйича менежери Алекс Опаре-Жума эса Ўзбекистоннинг Vakkoni Collection корхонаси томонидан тайёрланган куртка, костюм ва эркакларнинг бошқа либосларини катта миқдорда сотиб олишга қизиқиш билдирди. Фақат ушбу маҳсулотлар британияликлар томонидан тақдим этилган дизайн асосида тикилиши керак.
HOD Fashion House компанияси вакили Кевин Каннингем билан мулоқот ҳам самарали кечди. У компанияси JV Textile Mill Tashkent корхонасида ишлаб чиқарилган пайпоқ маҳсулотларини жуда кўп ҳажмда харид қилмоқчи эканлигини билдирди.
Жанубий Лондон Савдо-саноат палатаси аъзоси Амадин Райан билан эса Жанубий Лондон билан Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Кўргазмадаги яна бир амалий натижа Vakkoni Collection (Наманган) ва The Notting Hill Gate Shopping Bag (Лондон) компаниялари ўртасида шартнома имзолангани бўлди. Унга кўра, Буюк Британияга ўзбек пахтасидан тайёрланган биологик тоза сумкалар етказиб берилади. Мазкур халталар сувенирлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланган.
Бундай товарлар нафақат Лондон, балки Буюк Британиянинг бошқа шаҳарларидаги супермаркетларда ҳам кенг тарқалиши кутиляпти.
Изоҳ (0)