Қорақалпоғистонда ёнғинни тез бартараф этишга кўмаклашувчи қурилма кашф қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бўлим муҳандиси, капитан Маҳмуд Жуманиёзов йўлга қўйган янгилик ёнғинларни тез бартараф этишда қўл келмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи Онлине» хабар қилади.
Гап шундаки, у уй томлари тунукаларини тез ва қисқа фурсатда очиш имконини берувчи мўъжаз қурилма яратишга муваффақ бўлди.
— Ҳозир турар жой бинолари томини ҳар хил рангдаги замонавий тунукали қоплама билан ёпиш ва уларни бурамали винтлар билан қотириш русум бўлган, — дейди М.Жуманиёзов. — Мабодо, ана шундай уйларда ёнғин содир бўлса, қопламаларни очишга, натижада ёнғинни бўйсундиришга анча вақт кетади. Биз ўйлаб топган дрель қурилмаси эса сиқилган ҳаво ёрдамида ишлатилади. У билан тунукалар тез ва бешикаст очилади. Эътиборлиси, шикаст етказилмай очилган тунукалардан яна қайта фойдаланиш мумкин.
Айни пайтда қурилма амалда қўлланилмоқда.