Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши натижасида кўпчилик фуқаролар дам олиш кунларини Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканларида ўтказмоқда.
Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизмати маълум қилишича, шу сабабли Бўстонлиқ туманига олиб борувчи «Бектемир — Чирчиқ — Ғазалкент — Чорбоғ» йўлида автомобиль оқими кескин кўпайган. Бу йўлда йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, турли йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари (фоторадар) онлайн режимда ишламоқда.
Ўтган ҳафта дам олиш кунларида ушбу фоторадарлар орқали 1436 тезликни меъёридан ошириш ҳолати аниқланди. Аниқланган қоидабузарликларни содир этган фуқароларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилмоқда.
Жумладан, аҳоли яшаш жойида тезликни 110 км/соатдан оширган 84 фуқарога ЭКИҲнинг 9 баробарида, 90 км/соатдан оширган 430 фуқарога ЭКИҲнинг 5 баробарида, 70 км/соатдан оширган 922 фуқарога ЭКИҲнинг 1 баробарида жарима белгиланди.
Белгиланган жарималар тўғрисидаги қарорлар «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг маълумотларни қайта ишлаш маркази орқали қоидани бузган ҳайдовчи ёки юридик шахснинг манзилига етказилди.
Таъкидлаш керакки, 1436 қоидабузар ҳайдовчининг 945 нафари Тошкент шаҳрида, 387 нафари Тошкент вилоятида, 104 нафари республиканинг бошқа вилоятларида истиқомат қилади.
Изоҳ (0)