ПСЖ ҳужумчиси Неймар Испания солиқ хизмати билан муаммоларга дуч келди.
Ташкилот ходимлари бразилияликнинг Барселонада яшаган давридаги ҳисобларни, шунингдек, унинг ПСЖга трансфер қилиниши борасидаги тафсилотларни ўрганиб чиқди.
Mundo Deportivo’нинг хабар беришича, текширув натижаларига кўра Неймар 35 миллион еврога яқин миқдорда солиқ тўлаши лозим. Иш судгача оширилиши мумкин.
Таъкидлаш жоиз, солиқ органи билан бўлган муаммолар футболчининг «Барселона»га қайтишини қийинлаштириб юборади.
Ўтган йилнинг март ойида солиқ хизмати Неймарнинг ПСЖга трансфери борасида текширув олиб борган. Футболчи 2017 йилда Париж клубига ўтгунга қадар, 183 кундан ортиқ вақт мобайнида Барселонада яшаган. Шунинг учун, у Испания солиқ резиденти сифатида йиллик даромадини декларация қилиши керак бўлган.
Неймарда, шунингдек, Бразилия солиқ идораси билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд. Унинг 2013 йилда «Сантос»дан «Барселона»га кўчиб ўтиш даврида ҳам муаммолар юзага келган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)