Италиянинг Неапол шаҳри мезбонлик қилаётган Универсиада—2019 мусобақасида ўзбекистонлик теннисчилар олтин медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмат маълум қилди.
Ўзбекистон вакиллари финал баҳсида кореялик теннисчиларга қарши кортга чиқди. Ўйиннинг биринчи сетида 7-6 ҳисобида ўзбекистонликлар ғалаба қозонган бўлса, иккинчи сетда 6-4 ҳисобида кореяликлар устунлик қилди. Тай-брейкда (қўшимча гейм) 10-5 ҳисобида зафар қучган Шуҳрат Қаюмов шогирдлари олтин медалига эгалик қилди.
Маълумот учун, финал учрашувида иштирок этган Санжар Файзиев Ўзбекистонинг учинчи, Ҳумоюн Султонов эса бешинчи ракеткачиси ҳисобланади. Жаҳон рейтингида улар мос равишда 310- ва 380-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 12 июль куни эркаклар ўртасида ўтказилган яккалик баҳсларининг ярим финал ўйинида ҳам ғалаба қозонган Ҳумоюн Султонов 13 июль куни финалда Хитой Тайпеи вакили Ценг Чун-Хсинга қарши кортга тушади.
Аввалроқ ўзбекистонлик таэквондочи Ниёз Пўлатов кумуш медалини қўлга киритгани ҳақида хабар берилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)