Жиззахнинг Мирзачўл туманида муқаддам 3 йилга қамалиб чиққан Л.Тўйчиев ва унинг жиноий шериги Э.Ихлосов (исм-шарифлар ўзгартирилган) гиёҳвандлик воситасини сақлаш, сотиш каби жиноят содир этгани юзасидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Л.Тўйчиев Э.Ихлосов билан марихуана гиёҳванд моддасини чекиб, олдида бўлган таниши Иқбол, Фарҳод ва I.Неъматовани ҳам гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилишга жалб қилган ҳамда марихуана гиёҳвандлик моддасини чекган.
Шундан кейин Л.Тўйчиев Иқбол исмли танишига 800 000 сўм эвазига оғирлиги 619 грамм қуритилган фаол гиёҳванд моддани сотаётганда Мирзачўл туман ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Л.Тўйчиевнинг уйи тинтув қилиб кўрилганида, умумий оғирлиги 2 килограммдан ортиқ бўлган марихуана гиёҳвандлик воситасини сақлаб келганлиги аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди Л.Тўйчиевни Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди.
Э.Ихлосовни эса ЖК 274-моддаси 2-қисмининг «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди, бироқ уни 53 ёшга кирганлигини ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиб, жазони манзил-колонияларда ўташи белгиланди.
Изоҳ (0)