Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида йирик саноат корхоналари томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли чиқиндилар тўғрисидаги кўп сонли шикоятлар ва бу муаммони бартараф этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Унда йирик саноат корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатда атроф-муҳит барқарорлигини сақлаш, табиат неъматларидан унумли фойдаланиш, асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, деганларидек, ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитга муносабат, аниқроғи, лоқайдлик ва бепарволик ҳам муаммолар келтириб чиқармоқда.
Маълум қилинганидек, жорий йилнинг биринчи чорагида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига фуқаролардан йирик корхоналарнинг атроф-муҳитни ифлослантириши юзасидан 175 та мурожаат келиб тушган. Уларга тегишли огоҳлантиришлар берилган.
Қўмита органлари атроф-муҳит барқарорлигига зарар етказувчи манбаларни мониторинг қилиб боради. Жами 452 та хўжалик юритувчи субъект қамраб олинган. Улардан 264 тасида атмосфера, 171 тасида сув объектлари, 123 тасида тупроқни ифлослантирувчи чиқиндилар назорат қилинади.
Муассасанинг таҳлилий лабораториялари томонидан 2019 йилда ўтказилган текширувларга кўра, «Оҳангарон-цемент» АЖ, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Максам Чирчиқ» АЖ каби корхоналар атмосферага меъёрдан ортиқ миқдорда ифлослантирувчи моддалар чиқаради.
Бундай корхоналарга нисбатан иқтисодий жазо чоралари кўрилганда жарима ва компенсацион тўловлар 2017 йилда 723,2 миллион, 2018 йили 975,476 миллион, жорий йилнинг 1 чорагида 1 миллиард 72,83 миллион сўмни ташкил қилган.
Анжуманда шу каби камчилик ва муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, корхоналар олдидаги долзарб экологик вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш мақсадида қўмита ҳузурида ягона геоахборот маълумотлар базаси шакллантирилиши маълум қилинди. Унда жамланган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикасининг электрон экологик харитасини тузиш назарда тутилган. Харита очиқ фойдаланиш учун, шунингдек, шошилинч вазиятларда тезкор қарорлар қабул қилиш ва аҳолининг атроф-муҳит ҳолати юзасидан хабардорлигини ошириш мақсадида интернет тармоғига жойлаштирилади.
Изоҳ (0)